2022-2026 йилларда амалдаги қонунчилик ҳужжатлари тўлиқ коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилади
2022-2026 йилларда амалдаги қонунчилик ҳужжатлари тўлиқ коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини “коррупциядан холи қонунчилик” тамойили асосида ишлаб чиқиш тартиби жорий этилди.
Илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасалари вакиллари ҳамда жисмоний шахслар — мустақил экспертларга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши илмий ва мустақил экспертизадан ўтказиш ҳуқуқи берилади.
Қарорга мувофиқ:
- амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар босқичма-босқич тўлиқ коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилади;
- Адлия вазирлиги коррупцияга қарши экспертиза бўйича давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиради ва услубий ёрдам кўрсатади;
- коррупцияга қарши илмий ва мустақил экспертизадан ўтказиш бўйича энг яхши таклифларнинг давлат гранти танловлари ўтказилади;
- Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар йили 20 январга қадар амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш режаси, йил давомида белгиланган соҳалар доирасида аниқланган коррупциявий омилларни бартараф этиш бўйича «Йўл харита» тасдиқланади;
- норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларида аниқланган коррупциявий омиллар тегишли давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири этиб белгиланади.
- Қурилиш, соғлиқни сақлаш, олий таълим ва давлат харидлари соҳаларини тартибга солувчи 75 та қонунчилик ҳужжатидаги 302 та коррупциявий омиллар бартараф қилинади.
- Илмий ва мустақил экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича хулосалар тегишли давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мажбурий кўриб чиқилади.
Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш фаолияти ҳар олти ой якунида баҳоланади.