Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

МОХИ эксперти: Туркий кенгаш - минтақавий ҳамкорликнинг самарали механизми


МОХИ эксперти: Туркий кенгаш - минтақавий ҳамкорликнинг самарали механизми

ТОШКЕНТ, 12 ноябрь. /«Дунё» АА/. Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) бош тадқиқотчиси Рамзиддин Ғуломов «Дунё» АА учун шарҳида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг (ТТДҲК, Туркий кенгаш) Истанбулда (Туркия) бўлиб ўтган 8-йиғилиши якунлари ва унда Президент Шавкат Мирзиёевнинг иштироки ҳақидаги фикрларини баён қилди.

- 11-12 ноябрь кунлари Туркияда Туркий кенгашнинг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Давлат раҳбарлари савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилдилар. Рақамли технологиялар, «яшил» иқтисодиёт, транспорт ва коммуникацияларга алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда туркий тилли давлатлар умумий аҳолиси 150 миллион кишидан ортиқ бўлиб, ташкилотга аъзо мамлакатларнинг ҳудуди 4 миллион квадрат километрни ташкил этади. Бу эса Туркий кенгашнинг янада ривожланиши учун катта истиқболларни тақдим этмоқда.

Шуниси диққатга сазоворки, туркий халқлар ўртасидаги яқин алоқалар бой тарих ва муштарак маданиятга асосланган. Турк хоқонлиги, Қорахонийлар, Ғазнавийлар сулолалари каби қадимги туркий давлатлар ўз даврининг энг қудратлилари сафидан ўрин олган. Ушбу сулолалар ҳукмронлиги даврида туркий тиллар, илм-фан ва маданият кенг ёйилиб, улар нафақат туркий тилли халқлар цивилизациясига, балки бутун дунё тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган.

Саммитда  иштирок этган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иқтисодий кооперация, ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, сайёҳлик жозибадорлигини ошириш борасида қатор конструктив таклифларни илгари сурди.

Ўзбекистоннинг 2019 йилда Туркий кенгашга тўлақонли аъзо бўлиб кириши халқаро ҳамкорликнинг янги даврини бошлаб берди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар, жумладан, туркий тилли давлатлар билан ҳамкорлиги нафақат маданий-маънавий йўналишларда, балки савдо-иқтисодий соҳаларда ҳам янги босқичга кўтарилди. Икки ва кўп томонлама шерикликнинг барча соҳаларидаги алоқалар ривожланиб, чуқурлашиб бормоқда. Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши мулоқот учун ана шундай янги майдончалардан биридир.

Ташкилотнинг нисбатан ёш бўлишига қарамай, Туркий кенгаш нуфузли халқаро платформага айланди. БМТ ва унинг ихтисослашган идоралари, ЕХҲТ, ИҲТ, ЖСТ ва бошқа ташкилотлар билан конструктив алоқалар ўрнатилди.

Давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилингани, Туркманистоннинг кузатувчи мамлакат сифатида ташкилотга қўшилиши саммитнинг муҳим воқеалари бўлди. Шунингдек, ташкилот эндиликда Туркий тилли давлатлар ташкилоти деб аталади.

Умуман олганда, саммит якунлари туркий тилли мамлакатлар ҳамкорликнинг барча йўналишларидаги алоқаларни янада кенгайтириш, иқтисодиётнинг реал секторидаги лойиҳаларни амалда оширишдаги интеграция жараёнларини чуқурлаштириш йўлини танлаганини намойиш этди.