Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

ТУРКСОЙ ташкилотининг туркий маданиятни тарғиб қилишдаги ўрни Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари диққат марказида


ТУРКСОЙ ташкилотининг туркий маданиятни тарғиб қилишдаги ўрни Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари диққат марказида

ТОШКЕНТ, 29 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ҳиндистоннинг етакчи нашрларидан бири - «New Delhi Times»да  Европа парламенти аъзоси, «ЕИ-Ўзбекистон» дўстлик гуруҳи раиси Ришард Чарнецкийнинг Европа парламентида ўтказилган Хива маданияти кунларига бағишланган мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Материалда ушбу тадбир 2020/2021 йилларда Хива шаҳри «Туркий дунё маданияти пойтахти» деб эълон қилингани муносабати билан «ЕИ-Ўзбекистон» дўстлик гуруҳи, мамлакатимиз элчихонаси ва Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) ҳамкорлигида ташкил этилгани ҳақида сўз юритилади.

«15 ноябрдан 17 ноябргача Брюсселда Хива маданияти кунлари бўлиб ўтди. Унда ТУРКСОЙ Бош котиби Дусен Касеинов, «ЕИ-Туркия» дўстлик гуруҳи вакиллари, Туркиянинг Европа Иттифоқидаги доимий вакили Mеҳмет Камол Бозай, ЮНЕСКОнинг Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги вакили Кристи Пиккат ҳамда «ЕИ-Ўзбекистон» дўстлик гуруҳи бош котиби Ипек Текдемир иштирок етди, - дея таъкидлайди муаллиф. - Хива кунларининг очилиши Ўзбекистоннинг Брюсселдаги элчихонасида бўлиб ўтди. Тадбир доирасида Европа парламенти биносида «Буюк ипак йўли маданий меросини асраб-авайлаш» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Брюсселдаги Туркия палаталари ва биржалар иттифоқи ваколатхонасида «Туркий дунё маданияти пойтахти Хива таассуротлари» шиори остида европаликларни Буюк ипак йўли дурдонаси бўлмиш қадимий шаҳар билан таништириш мақсадида фотокўргазма ташкил этилди».

Ришард Чарнецкийнинг қайд этишича, ТУРКСОЙ Бош котиби Дусен Касеинов маданий меросга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ва уни ривожлантириш жуда муҳимлигини таъкидлаб, бу борада қилинаётган саъй-ҳаракатлар давом эттирилишини билдирган.

 Мақолада Хива маданияти кунлари доирасида ўзбек миллий мусиқаси, таомлари ва анъаналарига бағишланган қатор тадбир ташкил этилгани ҳақида ахборот берилган.

«Санъат кучидан фойдаланиб, тадбир Европа ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алоқаларни муваффақиятли мустаҳкамлади, - деб ёзади евродепутат - Ушбу тадбирларда иштирок этдим ва унинг мезбони бўлиш мен учун катта шараф бўлди. Ўзбекистон, Хива, Бухоро ва Самарқанд каби шаҳарлар билан таълим, маданият ва илм-фан соҳасида цивилизациялар бешиги ҳисобланади.  Ушбу омиллар Ўзбекистонни Евроосиёда асосий сайёҳлик манзилига  айлантиришга хизмат қилмоқда».