
АНҚАРА, 17 декабрь. /«Дунё» АА/. Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Савдо-саноат палатаси бош котиби Адем Кула «Дунё» ахборот агентлигига Президент Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифининг натижалари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини тақдим қилди:
– Ўзбекистон ва Жанубий Корея раҳбарларининг сиёсий иродаси икки мамлакат муносабатларини янада юқори босқичга олиб чиқди. Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида алоҳида стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма баёнот қабул қилинганини қайд этишни истардим.
Ўзбекистон Президентининг Жанубий Кореяга ташрифи чоғида бир қатор ҳужжатлар тасдиқланди. Бунга Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳукуматлараро битим, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги билан 2022-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2022-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, шунингдек, энергетика соҳасида ўзаро мулоқот ўрнатиш, «ақлли шаҳар»ларни ривожлантириш, Иқтисодий тараққиётга кўмаклашиш жамғармаси орқали молиялаштириш, нодир металлар, мис ва уларнинг қотишмаларига оид меморандумлари имзоланди.
Ўзбекистон ва Жанубий Корея АКТни ривожлантириш ва ундан фойдаланиш бўйича ҳамкорликда қатор ютуқларга эришганига қарамай, ахборот технологиялари соҳасида ва "ақлли" қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик меморандумининг имзоланиши ўз вақтида амалга оширилган ва долзарб воқеадир.
Ўзбекистон раҳбари бугунги кунда узоқ муддатга мўлжалланган амалий шерикликнинг устувор йўналишларини қайта кўриб чиқишни замон талаби эканини алоҳида урғулади. Ўхшаш менталитет, анъаналар ва маънавий қадриятларга эга икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик жаҳон иқтисодиётининг бугунги чақириқларига тўлиқ жавоб бериши лозим.
Ўзбекистон иқтисодиётига йўналтирилган Жанубий Корея инвестициялари ҳажми 7 миллиард доллардан ошгани мамлакатга бўлган ишонч даражаси ва тўғри белгиланган инвестиция сиёсатидан далолат беради.