
ТОШКЕНТ, 21 декабрь. /«Дунё» АА/. Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Йилдиз техник университети Конгресс-марказида Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Туркиядаги вакиллиги томонидан «Янги Ўзбекистон — янги ғоялар!» шиори остида «Ўзбекистон ёшлари форуми – Туркия» тадбири бўлиб ўтди, деб хабар бераади “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон парламенти юқори палатаси ахборот хизматининг маълумотига кўра, «Ўзбекистон ёшлари форуми — 2021» доирасида ташкил этилган тадбирда Туркиянинг Анқара, Бартин, Бурса, Измир, Истанбул, Карабюк, Конья, Самсун ва бошқа шаҳарларидаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган, илмий изланишлар ўтказаётган ва меҳнат фаолиятини олиб бораётган 500 нафарга яқин ўзбекистонлик талаба-ёшлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Форумни Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Туркиядаги вакили, иқтисод фанлари доктори Эргаш Жумаев очиб берди.
Хусусан, “Учинчи Ренессанс” йўналишида доктор Саидбек Болтабоев ва Истанбул давлат университети докторанти, тилшунос Гулноза Саидова, “Келажак лидерлари” шўъбасида иқтисодчи, Истанбул университети докторанти Сарварбек Назаров ҳамда “M-Faktor” аъзоси, Ўзбекистон солиқ қўмитаси раисининг маслаҳатчиси Муроджон Муҳаммаджонов, New media тармоғида таниқли журналист ва сухандон, Кастамону университети магистранти Абдукарим Мирзаев ҳамда “Ёш ижодкорлар” шўъбасида журналист, таржимон ва шоир, Истанбул университети докторанти Отабек Тиллаев бошчилигида ёшлар ўз лойиҳалари тақдимотини ўтказишларини маълум қилди.
Туркияда таҳсил олаётган ёшлар ва Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев ўртасида онлайн-мулоқот ташкил этилди. Унда ёшлар ўқиш, малака ошириш ва Туркиянинг илғор ютуқларини Ўзбекистонда жорий этиш каби масалалар юзасидан таклиф ва мулоҳаларини илгари сурди, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Форум давомида Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консули Амирсаид Аъзамхўжаев, Туркия маданият вазирлигининг Чет элдаги турклар ва қардош жамиятлар бошқармаси Истанбул координатори Эмре Оруч, Туркий давлатлар ташкилоти вакили Бобур Тагаев сўзга чиқди. Ёшлар билан суҳбат давомида Туркияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар учун қандай имкониятлар мавжудлиги борасида атрофлича маълумот берилди.
Форум якунида ҳар бир шўъба бўйича бештадан лойиҳа муаллифлари ғолиб деб топилди ва тақдирланди. Шунингдек, спикерлар, фаол ёшлар, модераторлар ҳамда викторина ва танловлар ғолиблари, ижтимоий тармоқларда форум бўйича энг яхши чиқишлар қилган иштирокчиларга ҳомийларнинг совғалари топширилди. Бундан ташқари, Туркиядаги йилнинг энг яхши етакчиси, энг яхши блогери, энг яхши инфлюенсери, энг яхши ёш волонтёри каби номинациялар ғолибларига ҳам Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг совғалари топширилди.