
ТОШКЕНТ, 25 январь. /«Дунё» АА/. Туркия Олий таълим кенгаши аъзолари ва қатор олий таълим муассасалари ректорларидан иборат делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида кеча Тошкент давлат иқтисодиёт университетида «Ўзбекистон – Туркия: таълим соҳасидаги ҳамкорлик истиқболи» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотига кўра, давра суҳбатида Туркия Олий таълим кенгаши раиси Эрол Ўзвар, Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов, Туркиянинг мамлакатимиздаги элчиси Олган Бекар, шунингдек, 20 дан зиёд олий таълим муассасаси ректорлари иштирок этди.
Учрашув аввалида икки мамлакатнинг олий таълим тизими, соҳадаги ҳамкорлик сиёсатини белгилаш, университетлар манфаати ва мамлакатлар миллий тараққиёти режасида кўрсатилган умумий вазифалар хусусида сўз юритилди.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасида университетлараро ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани қайд этилди. Айни жараёнда техника ва муҳандислик соҳасига оид фанларни ривожлантириш, шу йўналишлар бўйича кадрлар салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Энергетика ва муқобил энергия манбалари, машинасозлик, архитектура ва қурилиш, тўқимачилик ва кимё саноати технологияси, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва фармацевтика тармоқлари учун мутахассислар тайёрланмоқда.
Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ўз нутқида юртимиз таълим тизимида туб ўзгаришлар содир бўлаётгани, бу жараёнда Туркия томонининг салмоқли ҳиссаси борлигини таъкидлади. Вазир Ўзбекистонда 2016 йилга қадар 77 та олий ўқув юрти фаолият олиб борганини, кейинги даврда эса соҳада яна 81 олий таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилганини билдирди. Сўнгги беш йилда талабалар қамрови 4 баробар ошди. Илгари мактаб, коллеж ва лицей битирувчиларининг атиги 9 фоизи ўқишга кирган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 30 фоизга етган.
Анжуманда мамлакатимизда Туркиянинг етакчи университетлари филиалларини ташкил этиш, ўзбекистонлик талабаларнинг Туркия олий ўқув юртларида таълим олиши учун грант ажратиш, таълим ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, Тошкент шаҳрида Ўзбек-Турк университетини очиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий масалалар юзасидан фикр алмашилди.
– Бугунги кунда Ўзбекистон-Туркия алоқалари иқтисодий-тижорий соҳада кенг ривожланди. Эндиликда олий таълим соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш учун табиий шарт-шароитлар аллақачон юзага келди, - деди Туркия Олий таълим кенгаши раиси Эрол Ўзвар. - Бу соҳадаги ҳамкорлик доирасида биз фақат янги олий таълим муассасаларини очиш билан чекланмаймиз, балки олий таълим муассасалариаро амалий алоқаларни янги сифат даражасига олиб чиқиш ҳам бизнинг асосий мақсадларимиздан бирига айланади.
Анжуман давомида Тошкент шаҳрида Ўзбек-Турк университетини ташкил этиш тўғрисида тузилажак битим ва Ўзбек-Турк университети тўғрисидаги низом лойиҳалари бўйича экспертлар фикри тингланди, тақдимотлар намойиш қилинди.