Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Қирғизистондан муносабат: Ўзбекистон ва Туркия етакчилари янги сармоявий-иқтисодий лойиҳаларнинг амалга оширилиши истиқболларини муҳокама этишга ижобий қарашмоқда


Қирғизистондан муносабат: Ўзбекистон ва Туркия етакчилари янги сармоявий-иқтисодий лойиҳаларнинг амалга оширилиши истиқболларини муҳокама этишга ижобий қарашмоқда

БИШКЕК, 30 март. /«Дунё» АА/. Қирғизистонлик сиёсатшунос Шерадил Бактыгулов Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг Ўзбекистонга буюрган расмий ташрифи аҳамияти юзасидан ўз фикр мулоҳазаларини «Дунё» ахборот агентлиги билан ўртоқлашди:

 

- Туркия Президентининг Ўзбекистонга ташрифи бутун Марказий Осиё минтақаси учун катта сиёсий аҳамиятга эга. Туркия учун стратегик жиҳатдан муҳим мамлакат, минтақада катта сиёсий салмоққа, шунингдек, жиддий иқтисодий салоҳиятга  эга  ҳамда минтақанинг барча мамлакатлари билан чегарадош бўлган Ўзбекистон билан яқин икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш муҳим ва зарур, албатта.

Шубҳа йўқки, икки давлат раҳбарларининг ишлаб чиқариш ва илм-фан соҳаларида янги сармоявий ва иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилишга бўлган ижобий муносабати  бу йўналишдаги алоқаларни янада ривожлантириш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Худди сўнгги уч йилда савдо айланмасини кескин оширишга эришилгани сингари бу борадаги ўзаро муносабатларни сезиларли даражада жадаллаштириш бўйича катта захира мавжуд.   Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо айланмаси 2021 йил якунлари бўйича 3,4 миллиард долларни ташкил қилди.  Истиқболда эса томонлар бу кўрсатгични дастлаб 5 миллиард долларга, сўнгра 10 миллиард долларга қадар кўтариш ниятида собитдир.

Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида барча йирик қўшма сармоявий ва иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун кўмаклашишга даъват этилган Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгашининг йиғилиши катта сиёсий аҳамиятга эга. Бу, албатта, Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръатларига ва соҳага илғор юқори технологияларни фаол жалб этишга ўз таъсирини кўрсатади.

Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгашининг йиғилиши ўтказилиши Ўзбекистоннинг Туркия билан яқин ҳамкорлиги жадал ва изчил давом этаётганидан далолат беради.

Туркия учун ўзининг Жанубий чегараларида мавжуд бўлган терроризм ва экстремизм таҳдидларини зарарсизлантириш кун тартибидаги масалаларни кўриб чиқиш қисми бўйича йирик ҳамкорлар керак. Бу борада фаол сиёсат олиб бораётган Ўзбекистон эса ана шундай мамлакатлардан биридир.