«Topchubashov Center» таҳлил марказининг директори Русиф Ҳусейнов фикрлари
БОКУ, 30 март. «Дунё» АА/. Озарбайжоннинг «Topchubashov Center» таҳлил марказининг директори Русиф Ҳусейнов «Дунё» АА учун йўллаган шарҳида 29-30 март кунлари Туркия Президентининг Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи якунлари ҳақида қуйидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди:
- Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг Тошкентга расмий ташрифи ва унинг Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашуви икки мамлакат ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланаётган пайтга тўғри келди. Бундан ташқари, ушбу учрашув геосиёсий воқеликлар ўзгарган ва янги дунё тартиботи вазиятида ҳар икки давлатнинг минтақавий аҳамияти ортиб бораётган шароитда кечди.
Туркия давлати Кавказда, Яқин Шарқ, Жанубий-Шарқий Европа ҳамда Ўрта ер денгизи минтақасида муҳим омилга айланди. Ўз навбатида, Ўзбекистон икки қитъани бир-бирига боғлайдиган коммуникация лойиҳалари шароитида муҳим давлат бўлиб қолди. Шу ўринда Афғонистон, Хитой ва Марказий Осиё геосиёсий маконидаги воқеаларни ҳам қайд этиш зарурдир. Ўзбекистон Туркия учун Марказий Осиёга дарвоза вазифасини бажариши мумкин, Туркия эса Озарбайжон билан биргаликда Ўзбекистон учун Европага йўл очиши мумкин. Шу боис турк дунёсидаги стратегик шериклар ҳисобланадиган бу икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичга кўтарилиши жуда муҳимдир.
Хулоса ўрнида қайд этиш мумкинки, бундай ҳамкорликнинг шаклланиши улкан ҳудудларда барқарорликнинг яратилишига ҳамда минтақавий коммуникация лойиҳаларини ривожлантириш учун муҳим омилга айланиши мумкин.