Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Япониядан муносабат: Тошкент ва Анқаранинг минтақавий ўрни юксалиб бормоқда


Япониядан муносабат: Тошкент ва Анқаранинг минтақавий ўрни юксалиб бормоқда

ТОКИО, 31 март. /«Дунё» АА/. Ривожланаётган иқтисодиётлар институтининг фахрий профессори Манабу Симизу «Дунё» АА учун тақдим этган шарҳида Туркия Презденти Режеп Таййип Эрдоғаннинг 29-30 март кунлари Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи якунлари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди:

 

- Тошкентда бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қатор келишувларни имзоладилар. Имзоланган мазкур салмоқли ҳужжатлар тўплами савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон-Туркия муносабатларини янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Маълумки, Тошкент ва Анқара ўртасидаги муносабатларнинг янги саҳифаси Туркия Президентининг 2016  йил ноябрь ойида Самарқандга амалга оширган, Президент Шавкат Мирзиёевнинг эса 2017 йил октябрь ойида Туркияга буюрган жавоб ташрифидан сўнг бошланди. Ҳозирги пайтда Туркия Ўзбекистоннинг бешта энг йирик савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади.

Тошкент ва Анқара икки томонлама алоқаларни фаоллаштираётгани билан бир қаторда янада муҳим минтақавий ўринни тутаётгани ҳисобга олинар экан, икки давлат етакчиларининг бўлиб ўтган сўнгги саммити катта эътиборга сазоворлиги аён бўлади.

Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистонда иқтисодий ва сиёсий барқарорлик таъминланишига кўмаклашиш бўйича фаол ва амалий ишларни олиб бормоқда. Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларини ривожлантириш бўйича ташаббусларни амалга оширишдан ташқари Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг янги истиқболларини ҳам фаол илгари сурмоқда.

Ўз навбатида, Туркия Президенти Россия ва Украина ўртасидаги можаронинг ҳал этилиши бўйича воситачилик қилмоқда.

Ҳозирги пайтда жаҳон сиёсий ва иқтисодий вазият бўйича қийин даврни бошдан ўтказмоқда. Бундай ҳолатда минтақада янги таҳдидларни биргаликда бартараф этиш юзасидан ҳамфикр мамлакатларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш жуда муҳим аҳамиятга эга. 

Ўзбекистон ва Туркия Туркий давлатлар ташкилоти аъзолари ҳисобланади. Бу давлатлар жаҳон цивилизацияси тараққиётида ҳам катта ўрин тутган. Ҳозирги пайтда бутун дунё Ўзбекистон ва Туркиянинг янги ижобий ва етакчилик ўрнини катта умид  билан кузатмоқда.

Икки мамлакат президентлари ўзаро фикр алмашиш чоғида минтақавий ва халқаро кун тартиби юзасидан ўз давлатларининг нуқтаи назарлари ўхшаш эканлигини таъкидладилар.