АМСТЕРДАМ, 31 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон - Нидерландия дўстлик жамияти раиси Далия Алтунтепе Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг Ўзбекистонга ташрифи юзасидан ўзининг қуйидаги фикр-мулоҳазаларини "Дунё" ахборот агентлигига баён этди:
- Ташрифни катта қизиқиш билан кузатдим. У ҳар доимгидек ўта мазмунли бўлди. Ташриф дастуридан расмий учрашувлар ҳам, маданий тадбирлар ҳам ўрин олди. Ишончим комилки, буларнинг барчаси туркиялик меҳмонларда унутилмас таассурот қолдирди.
Бу ҳақда гапирар эканман, ушбу ташрифга ва, умуман, Ўзбекистон - Туркия ҳамкорлигига Европа мамлакатларида, хусусан, Нидерландия ва Германияда яшовчи улкан турк диаспораси орасида қандай қарашлар мавжудлигига эътибор қаратишни истар эдим.
Ҳеч кимга сир эмаски, Президент Эрдоған Европада яшаётган турклар орасида жуда машҳур бўлиб, унинг сафарлари ва баёнотларини улар диққат билан кузатиб боради. Шуни катта ишонч билан айтишим мумкинки, Ўзбекистон ва Туркия раҳбарларининг мунтазам учрашувлари, ўзаро сиёсий алоқаларнинг мустаҳкамланиши ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг кенгайиши нафақат Туркиянинг ўзида, балки Ўзбекистонга жуда жозибали иқтисодиёт мамлакати, инвестиция киритиш асносида ишлаб чиқаришни йўлга қўйган ҳолда қўшни мамлакатлар ва минтақалар бозорларига чиқиш мумкин бўлган давлат сифатида қарайдиган бутун Европа мамлакатларидаги турк бизнесменлари учун ҳам ижобий ишорадир.
Президент Эрдоғаннинг қадимий Хивага ташриф буюргани, унинг ўзбек маданияти, санъати ва тарихий мероси нақадар қизиқарли, кўҳна ва ранг-баранг эканлиги билан танишгани ҳам туризм соҳаси вакили сифатида менинг эътиборимни тортди. Айтиш жоизки, Ўзбекистон ўзининг улкан сайёҳлик салоҳиятини жуда назокат ва моҳирлик билан тарғиб қилмоқда.