Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Хитойнинг етакчи ахборот агентлиги Туркия Президентининг Ўзбекистонга ташрифи якунлари ҳақида


Хитойнинг етакчи ахборот агентлиги Туркия Президентининг Ўзбекистонга ташрифи якунлари ҳақида

ПЕКИН, 31 март. /«Дунё» АА/. Хитойнинг «Синьхуа»  ахборот агентлиги томонидан «Ўзбекистон ва Туркия ўзаро муносабатлар мақомини ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарди» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда Дунё АА мухбири.

 

Материалда Ўзбекистон ва Туркия ўзаро муносабатларнинг бугунги юқори даражасини ҳисобга олган ҳолда алоқаларни ҳар томонлама стратегик шериклик мақомига кўтаришга келишиб олингани қайд этилган. «Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилиши якунлари бўйича ўтказилган брифингда маълум қилди», - деб ёзади агентлик.

«Синьхуа» Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған 29 март куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келганини маълум қилар экан, «ўтказилган олий даражадаги музокаралар чоғида сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, жумладан, инвестиция, транспорт, тўқимачилик саноати, энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, маданий-гуманитар алмашув сингари масалалар атрофлича муҳокама қилинди ва томонлар эришилган барча келишувларни тўлиқ амалга ошириш учун қўшма «йўл харита»сини ишлаб чиқади», деб қайд этган.

 Материалда, шунингдек, Президентлар томонидан Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг якунлари бўйича Қўшма баёнот, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида Ўзбекистон-Туркия кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилган 9 та ҳужжат имзолангани ҳам ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган.

«Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги икки томонлама савдо айланмаси 3,6 миллиард доллардан ошди. Томонлар бу кўрсаткични аввал 5 миллиардга, сўнгра эса 10 миллиард долларга етказиш ниятида», - деб ёзади Хитой ахборот агентлиги.