ИСЛОМОБОД, 31 март. /«Дунё» АА/. Покистон Тинчлик институти директори Амир Рана Туркия Президенти Режеб Таййип Эрдоғаннинг 29-30 март кунлари Ўзбекистонга буюрган расмий ташрифи якунлари юзасидан ўз фикрларини билдирди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
- Покистон эксперт доиралари ушбу ташриф икки томонлама муносабатларга алоҳида туртки берганини таъкидламоқда, - деди у. - Мазкур ташриф икки мамлакат етакчиларига ҳозирги пайтда долзарб бўлган минтақавий масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашиш имконини берди.
Бугунги Ўзбекистон минтақадаги кўплаб давлатлар, жумладан, Покистон учун ҳам асосий ҳамкорга айланган. Бу минтақавий сиёсат масалалари бўйича узоқ муддатли қарорларни муҳокама этиш ҳамда қабул қилишга имкон беради.
Покистон Туркия билан ҳам қардошлик алоқаларига эга. Президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи мамлакатларимиз раҳбарларининг дунёда, айниқса, Афғонистонда содир бўлаётган кўпгина воқеалар юзасидан қарашлари ўхшашлигини намоён этди.
Ташриф доирасида томонлар Исломободга олий даражадаги ташрифда бўлгани каби ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолади. Ўтган йили Туркия ҳудудида Ўзбекистон-Туркия-Покистон уч томонлама ҳарбий машқлари ўтказилган бўлса, жорий йилда Покистонда ҳам шу каби ўқувларнинг ташкил этилиши режалаштирилган.