ТОШКЕНТ, 5 апрель. /«Дунё» АА/. Бугун Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар, кузатувчи давлатлар ва мулоқот бўйича ҳамкор давлатларнинг мамлакатимиздаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ва вакиллари Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Владимир Норов ҳамроҳлигида пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги «Texnopark» МЧЖга ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.
100 гектар жойни эгаллаган «Texnopark» ҳудудида 14 та ишлаб чиқариш объекти фаолият кўрсатмоқда. Хусусан, бу ерда газ ҳисоблагичлари, музлатгичлар, саноат кондиционерлари ва совутиш тизимлари, сув насослари, қолип ва штамплар, лифт ва эскалаторлар ишлаб чиқарилмоқда.
Хорижий мамлакатлар дипломатлари ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари, қурилиш материаллари, маиший техника турлари билан танишди, шунингдек, лифт ва эскалаторлар, маиший ва тижорат музлатгичлари, кир ювиш машиналари, “ақлли” ҳисоблагичлар, кондиционерлар, сув насослари, шунингдек, қолиплар ва штамплар ишлаб чиқариш цехларида бўлди.
Технопарк ишлаб чиқариш фаолияти билан танишиш «Samsung» бренди остида ишлаб чиқарилаётган музлатгичлар заводига ташрифдан бошланди. Ушбу корхонанинг йиллик қуввати 1 миллион дона музлатгични ташкил этади. Ишлаб чиқариш жараёни 70 фоизга автоматлаштирилган.
Дипломатлар Италиянинг «Pietro Fiorentini» компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган «Osten» бренди остидаги замонавий газ ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш корхонасида бўлди. Бу ерда 800 та иш ўрни яратилган. Заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 3,5 миллион дона маҳсулотни ташкил этади.
«Texnopark» ташрифи давомида делегация яна бир лойиҳа - «LEO» бренди остида (Хитой) сув насосларини ишлаб чиқариш бўйича минтақада ягона бўлган завод имкониятлари билан танишди. Лойиҳанинг йиллик қуввати 550 минг дона сув насоси тайёрлаш имкониятини беради, бу ерда 200 янги иш ўрни яратилган.
Йиллик қуввати 80 минг донага яқин бўлган саноат кондиционерлари ва совутиш тизимларини ишлаб чиқариш цехи («SHIVAKI» бренди, Япония) салоҳияти ҳам дипломатларда катта таассурот қолдирди.
Дипломатлар қолип ва штамплар ишлаб чиқариш заводида ҳам бўлди. Ушбу лойиҳа «Sodick» (Япония), «Istanbul Makina» (Туркия) ва «Wilhelm Oberste-Beulmann GmbH & Co.KG» (Германия) компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этилган. Лойиҳанинг йиллик қуввати 200 дона маҳсулотни ташкил этади. Заводнинг афзалликлари ҳар қандай мураккабликдаги моделларни ишлаб чиқариш, юқори сифатли материал ва ускуналардан фойдаланишдан иборатдир. Ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ автоматлаштирилган.
Технопарк фаолияти билан танишиш йўловчи, касалхона, юк ва панорамали лифт ва эскалаторлар ишлаб чиқариш заводига ташриф буюриш билан якунланди. Бугунги кунда бу ерда «Osten» бренди остида лифт ва экскалаторлар ишлаб чиқарилмоқда. Лойиҳанинг умумий йиллик қуввати 2000 та лифт ва 500 та эскалатор ишлаб чиқаришни ташкил этади. Ушбу завод «Shanghai Mitsubishi» билан ҳамкорликда йўлга қўйилган.
«Texnopark» МЧЖ фаолияти билан танишув якунида хорижий дипломатия ваколатхоналари раҳбарлари «Дунё» АА мухбири билан ўз таассуротларини ўртоқлашди.
Маниш Прабхат Ҳиндистон элчиси:
- Ўзбекистон юқори технологияли ишлаб чиқаришни ривожлантириш йўлида катта қадам қўйганига бевосита гувоҳ бўлдик. «Texnopark»да маиший техника, сув насослари, газ ҳисоблагичлари, эскалатор ва лифтлар ишлаб чиқариш линиялари билан танишдим. Ўйлашимча, Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида юқори технологик ҳамкорлик йўналишларини ўрнатиш ва кенгайтириш учун имкониятлар мавжуд. Бу борадаги салоҳитдан самарали фойланишга ҳисса қўшиш ниятидаман.
Олег Мальгинов, Россия элчиси:
- «Texnopark»да замонавий ишлаб чиқариш ва бошқариш циклига асосланган мукаммал тизимга гувоҳ бўлдим. Бу нафақат юқори даражадаги ишлаб чиқариш, балки юқори даражадаги стандартлардир. Юқори технологиялар асосидаги тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг ривожланиш даражаси Ўзбекистоннинг бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлигидаги ҳозирги ҳолатдан яққол далолат беради.
Цзян Ян, Хитой элчи:
- Бугунги кунда Янги Ўзбекистонда интеллектуал ишлаб чиқариш жадал ривожланмоқда. Юқори технологияли ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва глобал ишлаб чиқариш занжирига қўшилиш жадал давом этмоқда. Янги технологиялар ва материаллар ўзлаштирилмоқда, ишлаб чиқариш суръатлари ва мутахассисларнинг билим даражаси ўсиб бормоқда. Бу маҳсулот сифати ва бозор ривожланишига ўз таъсирини кўрсатади.
Таъкидлаш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Самарқанд вилоятининг Ургут туманида «Ўзбекистон–ШҲТ» саноат зонасини ташкил этиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Унинг ишга туширилиши ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ва саноат ҳамкорлигини янада чуқурлаштиришга қўшимча туртки беради.
Саид Али Асад Гилани, Покистон элчиси:
- «Texnopark» Ўзбекистоннинг халқаро сифат стандартларига жавоб берадиган юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиргани ва муваффақиятли ривожлантираётгани мисолларидан биридир. Ишончим комилки, Ўзбекистон истиқболда ҳам ишлаб чиқариш қувватини янада оширади ва янги бозорларни ривожлантиради.