Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Қозоғистон Миллий Фанлар академиясининг олтин медалига сазовор бўлди


Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Қозоғистон Миллий Фанлар академиясининг олтин медалига сазовор бўлди

ОЛМАОТА, 2 июнь. /“Дунё” АА/.  Кеча Олмаота шаҳрида Қозоғистон Миллий Фанлар академияси ташкил этилганининг 75 йиллиги муносабати билан тантанали йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

 

Тадбирда фахрли меҳмонлар қаторида Туркия Фанлар академияси президенти Музафер Шекер, Россия Фанлар академиясининг биринчи вице-президенти Юрий Балега, Қирғизистон Республикаси Миллий Фанлар академияси президенти Мурат Джуматаев, Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев ва бошқа кўплаб таниқли олимлар иштирок этди.

Тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Токаев сўзга чиқиб, йиғилганларни ушбу муборак сана билан қутлади.

Мамлакат раҳбари ўз нутқида бугунги кунда Қозоғистонда кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда илм-фан арбоблари олдида турган қатор долзарб вазифаларни санаб ўтди.

Жумладан,  Президент фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, таълим тизимини ривожлантириш, инновацион иқтисодиёт тараққиёти масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Давлат раҳбари бу йўналишдаги илмий фаолиятни самарали бошқариш, барча жараёнларни имкон қадар тез муддатда рақамлаштириш, бир вақтлари ёпилган Миллий илмий-техникавий ахборот маркази фаолиятини қайта тиклаш, Қозоғистоннинг ягона илмий экотизимини шакллантириш зарурлигини таъкидлади.

Тантанали йиғилишда нутқ сўзлаган Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев қозоғистонлик ҳамкасбларини ушбу қутлуғ сана билан самимий табриклар экан, Қозоғистон Миллий Фанлар академиясининг мамлакат илм-фани ривожига, етук илмий кадрлар тарбиясига қўшган хиссасига алоҳида урғу берди. У, шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатларнинг турли йўналишлардаги равнақини юқори баҳолади.

Тантанали йиғилиш сўнгида Б.Йўлдошев бошқа фахрий меҳмонлар қаторида ушбу муборак сана муносабати билан академиянинг олтин медалига сазовор бўлди.