Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистон ва Туркия давлатлари ўртасида яна бир ҳамкорлик


Ўзбекистон ва Туркия давлатлари ўртасида яна бир ҳамкорлик

Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари ўзига хос кўп йиллик тарихга эга. Бу маданий яқинлик икки давлат орасида ўзаро савдони ривожлантириш ва иқтисодий алоқаларга замин яратади.

Сўнгги йилларда Туркия Ўзбекистоннинг ташқи савдодаги йирик ҳамкорларидан бирига айланди. Ўзбекистон ва Туркия ташқи савдоси ҳажми таҳлил қилинганда, 2000-2021 йиллар орасида ташқи савдо ҳажми 196 миллион АҚШ долларидан 3,4 миллиард АҚШ долларига етди.

Ўзбекистон Стандартлар институтида Туркия халқаро ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) билан ҳамкорликда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва унинг тизим ташкилотлари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Олий таълим муассасалари ва мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги хусусий сектор вакиллари учун ўқув семинарлари ташкил этилди. Ушбу ўқув семинарида «Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва SMIIC стандартлари» мавзуси бўйича мутахассисларга маърузалар ўқилди.

Ўқув семинарлари олдидан ҳар иккала томон вакилларининг ўзаро ҳамкорлик бўйича музокаралари дўстона руҳда ўтди. Соҳа йўналишларида Турк Стандартлари институти (TSE), Туркия аккредитациялаш агентлиги (TÜRKAK) ва Туркия Миллий метрология институти (TÜBİTAK UME) билан ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди десак, муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон Стандартлар институтида ташкил этилган ўқув курс дастурлари ҳам SMIIC халқаро стандартлари, маҳсулотлар сифати ва хавфсизлиги, шунингдек ходимларнинг етакчилик қобилиятини ривожлантириш, самарали ғояларни ишлаб чиқиш, бошқарув қарорларининг самарадорлигини ошириш йўналишларида ўз натижасини кўрсатади.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз,Туркияда 22 та миллий стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар мавжуд бўлиб, ушбу техник қўмиталарнинг котибияти TSE томонидан юритилади.

Ушбу техник қўмиталарда 50 та TSE мутахассислари ҳамда бошқа ташкилотлардан 70 та, жами 120 га яқин мутахассислар фаолият юритади. Туркия стандартлар институти бу соҳада, жаҳондаги етакчи мамлакатлар қаторида бўлиб, Халқаро стандартлаштириш ташкилотининг 133 та техник қўмитасига тўлақонли ҳамда 254 та техник қўмитада кузатувчи ҳисобланади. Ўзбекистон Стандартлар институти билан Туркиялик мутахассислар ўртасидаги ҳамкорлик фаолияти ижобий йўлга қўйилган.

Ўзбекистон Стандартлар институти вакиллари стандартларни сотиш ва маркетинг тадқиқотлар, норматив ҳужжатлар актуализацияси, соҳа бўйича техник қўмиталар, стандартларни сотиш, рақамли технологияларни жорий этиш каби соҳалардаги янгиликлар, ўзгаришлар ва инновацион ёндашувлар билан танишди.

Тадбир сўнггида ҳар иккала давлатнинг соҳа мутахассислари келажакдаги ўзаро ҳамкорликда олиб бориладиган фаолиятлар юзасидан келишиб олди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА