АНҚАРА, 8 июнь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Анқарадаги элчихонасида “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир доирасида Туркия ҳудудида бўлиб турган ватандошларимиз билан учрашув ташкил этилди. Унда элчихона фаолияти, шунингдек, хорижий давлатларда истиқомат қилаётган ватандошлар билан доимий мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантириш, уларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардаги иштирокини рағбатлантириш, шунингдек, ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли, ҳар томонлама ҳимоя қилишга кўмаклашиш юзасидан юртимизда олиб борилаётган тизимли ишлар тўғрисида атрофлича фикр юритилди.
Жумладан, мамлакатимиз фуқароларининг Туркияда меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалалар ҳал этилишида кўмак кўрсатиш мақсадида Истанбул шаҳридаги Бош консулхонада Ўзбекистон Меҳнат вазирлигининг вакили иш бошлагани маълум қилинди.
Сўнгги пайтларда Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан ушбу давлатда ноқонуний бўлиб турган хорижий фуқароларга нисбатан фаол тадбирлар олиб борилаётгани масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан, юртдошларимиз мезбон давлатнинг қонунчилиги талабларига, жумладан, қонуний рўйхатдан ўтиш тартибига қатъий риоя қилишга даъват этилди.
Учрашувда элчихона консуллик бўлими томонидан тадбирда қатнашган ватандошларимиз томонидан консуллик-ҳуқуқий масалаларига оид мурожаатлари ҳам тингланди, мавжуд масалалар ва уларнинг ечими бўйича манзилли кўмак кўрсатилди.
Мулоқот ниҳоясида ташкил этилиши режалаштирилаётган тадбирлар хусусида фикр юритилгани баробарида “Очиқ эшиклар куни”ни бундан кейин мунтазам равишда ўтказиб боришга келишиб олинди.