
Учрашувда Қўмита ва Туркиянинг инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, меҳмонларни Ўзбекистоннинг миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик сиёсати ҳамда миллий маданий марказлар фаолияти тўғрисида фикр алмашилди.

Учрашувда Қўмита раиси Р.Қурбанов делегация вакилларига Қўмита фаолияти, Ўзбекистон ҳукумати томонидан миллий маданий марказлар, республикамизда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларига яратилган шароитлар ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоялашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот бериб ўтди. Жумладан, бугунги кунда Ўзбекистоннинг миллатлараро муносабатлар сиёсати ва хорижий мамлакатлардаги ҳамкор ташкилотлар, ватандошлар жамиятлари билан дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтилди. Айни пайтда 152 та миллий маданий марказлар ҳамда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан 36 та дўстлик жамиятлари муваффақиятли фаолият юритмоқда.
М.Қилич икки мамлакат тарихан тил, дин ва маданий муштаракликка эгалигини, бугунги кунда Ўзбекистон – Туркия сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм, транспорт, логистика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик муносабатлари динамик тарзда ривожланиб борётганлигини таъкидланди. Бунда икки мамлакат раҳбарларининг доимий мулоқоти ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ишончга асосланган кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш гарови бўлиб хизмат қилмоқда.

Учрашувда институт фаолияти ҳамда Туркия делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи тафсилотлари ҳақида тўхталиб ўтилди. Жумладан, инсон ҳуқуқлари, уларни турли камсититишлардан ҳимоя этиш, жазони ўташ жойларидаги ҳолатларни ўрганиш натижасида илмий-амалий таҳлилларни амалга ошириш Туркиянинг инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти фаолиятининг асосий вазифаларига киришини айтиб ўтди. Ташриф аввалидаёқ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаолият олиб борувчи ташкилотлар билан яқиндан танишиш имкони бўлганлиги, хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан англашув меморандуми имзоланди.
Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорлик масалалари, хусусан қўмита ва институт ўртасида илмий алоқаларни кучайтириш, тажриба алмашишни йўлга қўйиш борасида фикр билдирди.
Гўзал Сатторова, ЎзА