АНҚАРА, 21 июнь. /«Дунё» АА/. Кеча давлатимиз раҳбарининг Конституциявий комиссия аъзолари билан ўтказган учрашуви ҳамда мазкур тадбирдаги нутқи Туркия сиёсий, жамот ва эксперт доиралари вакиллари ўртасида катта қизиқишга сабаб бўлаётир, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Месут Эмре Каракўсе, Туркия Буюк Миллат Мажлиси (парламент) қонунчилик масалалари бўйича эксперти, “Соҳибқирон” Стратегик тадқиқотлар маркази директори:
-Президент Шавкат Мирзиёевнинг Конституциявий комиссия аъзолари билан ўтказган учрашувидаги нутқи менда катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистон раҳбарининг “Инсон қадри учун” ғояси ва “Инсон–жамият–давлат” тамойилининг янги Конституцияга татбиқ этилиши Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий давлатчилик ва демократик ислоҳотлар йўлида том маънода жиддий ва жадал қадам босиб бораётганидан далолат бермоқда.
Ҳар бир давлат ўз тарихида маълум босқичлардан ўтади. Бугун биз Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Учинчи Ренессанс даврига қадам қўя бошлаганини қатъият билан сўзлай оламиз. Мазкур давр ҳуқуқий ва Конституцион ўзгаришларни талаб қилмоқда. Буни давлатингиз раҳбари ўз нутқида таъкидлаганидек, мамлакат Конституциявий комиссиясига келиб тушган 48 мингдан зиёд таклифлар тасдиқламоқда.
Ҳуқуқшунос ва қонунчилик бўйича эксперт ўлароқ шуни таъкидламоқчиманки, Янги Ўзбекистоннинг Янги қомусида умумжаҳон нормаларида тан олинган Хабеас корпус ва Миранда қоидаларининг муҳрланиши Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, давлат раҳбари томомнидан республикада олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг жаҳон афкор оммаси томонидан сўзсиз тан олинишига олиб келиши шубҳасиздир.