Embassy Contact
phone
Consular Issues
phone

Туркиядан муносабат: Ўзбекистон ва Озарбайжон кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорликни жадал кенгайтирмоқда


Туркиядан муносабат: Ўзбекистон ва Озарбайжон кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорликни жадал кенгайтирмоқда

АНҚАРА, 22 июнь. /«Дунё» АА/. Туркия эксперт-таҳлил ва иқтисодий доиралар вакиллари Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифини икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишини таъкидламоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 

Ҳикмат Эрен, «EkoAvrasya» - Евросиё иқтисодий алоқалар ассоциацияси бошқаруви раиси:

- Ўзбекистон ва Озарбайжонни маданий-тарихий алоқалар мустаҳкам боғлаб туради. Президент Илҳом Алиевнинг Тошкентга давлат ташрифи ва Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон заминида самимий қабул қилиниши, ташрифнинг сермазмун кун тартиби икки давлат раҳбарлари, давлатлар ва қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бораётганини яна бир бор тасдиқлади.

Ўзбекистон ва Озарбайжон сўнгги йилларда кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорликни жадал кенгайтирмоқда. Икки давлат Президентлари стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, уни янги амалий мазмун билан бойитиш, ҳамкорликнинг мавжуд улкан салоҳиятини рўёбга чиқариш, иқтисодиётларнинг бир-бирини тўлдирувчи омиллардан фойдаланиш тарафдори.

Ўзбекистон ва Озарбайжонда истиқболли ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва илгари суришга қаратилган қўшма Инвестиция фонди ташкил этилишини мамнуният билан қабул қиламиз. Ишончим комилки, мазкур жамғарма ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва икки мамлакат иқтисодиётининг етакчи тармоқларида муҳим лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиё марказида жойлашганлиги транспорт ва логистика лойиҳаларини муваффақиятли ҳамда самарали ривожлантириш имконини беради. Шу нуқтаи назардан, икки мамлакат раҳбарлари ўртасида транспорт коммуникациялари тизимидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида, шунингдек, транспорт вазирлари раҳбарлигида ўзаро тўсиқларни бартараф этиш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузиш юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасида транспорт коммуникациялари, хусусан, мультимодаль транспорт йўлаклари, юк ташиш тарифларини оптималлаштириш соҳасидаги ҳамкорликнинг ривожланиши қисқа вақт ичида ижобий натижалар бериши, икки томонлама савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг янада жадал ўсишига туртки бўлиши шубҳасиз.

Мехмет Сейфеттин Эрол,  «ANKASAM» - Анқара инқироз ва сиёсий тадқиқотлар маркази директори:

- Ўзбекистоннинг Озарбайжон умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиевга бўлган ҳурмати юксак таҳсинга лойиқ. Озарбайжон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи Тошкент марказида Ҳайдар Алиев номидаги янгиланган кўча ва унинг ёдгорлиги очилиши билан бошлангани ўзбек ва озар халқлари ўртасидаги чинакам қардошлик алоқаларидан далолат беради.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ҳайдар Алиев ҳақидаги «У киши XX асрнинг атоқли сиёсий ва давлат арбоби, мустақил Озарбайжоннинг асосчиси сифатида тарихга кирди. Ҳайдар Алиевнинг қатъияти, кучли сиёсий иродаси ва беқиёс етакчилик сифатлари туфайли ёш суверен давлат барча қийинчилик ва синовларни муносиб енгиб ўтди», деган сўзлари барчанинг эътирофига сазовор бўлди.

Ишончим комилки, Ҳайдар Алиев кўчаси ва хиёбони Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлигининг ёрқин рамзига айланади.

Ҳамкорликнинг кенг доирасини қамраб олган ташриф давомида имзоланган ҳужжатлар тўплами салмоқли бўлди. Ўз навбатида, Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги декларация ташриф якунлари бўйича имзоланган давлатлараро энг муҳим ва устувор ҳужжатлардан бирига айланди.