АНҚАРА, 1 июль. /«Дунё» АА/. «SASAM» стратегик тадқиқотлар маркази бош котиби Жесурхан Таш (Туркия) «Дунё» АА учун интервьюсида мамлакатимизда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотлар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
- Ўзбекистоннинг янги Конституциявий Қонуни лойиҳаси билан таниш жараёнида иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлар бобига эътибор қаратдим.
Шуни таъкидлаш керакки, инсоннинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари билан бир қаторда халқаро миқёсда тан олинган маданий ва экологик ҳуқуқлар мавжуд. Шу маънода, хусусан, 1966 йилдаги Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактни келтириш мумкин.
Дунёда экологик муаммоларнинг кескинлашуви, шунингдек, Оролбўйи минтақасидаги экологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда, республика фуқароларининг экологик ҳуқуқларини мамлакат Конституциясида мустаҳкамлаш, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир асосий қонун нормаларининг мустаҳкамланиши ўз вақтида амалга оширилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, давлат томонидан атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширадиган янги стандартларни жорий этиш замон талабидир. Бундан ташқари, давлат экологик тизимни муҳофаза қилиш ва тиклаш, Оролбўйи минтақасини барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўраётгани Конституциявий қонунда мустаҳкамлангани давлат раҳбари томонидан Орол муаммосига алоҳида эътибор қаратилаётганидан яна бир бор далолат беради.
Ушбу нормалар Барқарор ривожланишнинг умумэътироф этилган тамойилларига тўла мос келади ва, шубҳасиз, муносиб ҳаёт ҳамда қулай яшаш шароитларига бўлган ҳуқуқларга риоя қилиш кафолатларини таъминлашга замин яратади.