ТОШКЕНТ, 13 июль. /«Дунё» АА/. Бугун Туркманистон ҳукумати ва ишбилармон доиралари делегациясининг ташрифи доирасида Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Бухоро шаҳрида Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Ботир Атдаев билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) маълумотига кўра, учрашув чоғида саноат кооперацияси, савдо, транспорт ва логистика соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари ўртасидаги саноат алоқаларини ривожлантиришга ижобий баҳо берилди. Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда Туркманистон капитали иштирокидаги 173 корхона фаолият кўрсатмоқда. Шу билан бирга, икки мамлакат ҳудудларида қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, автомобилсозлик, тўқимачилик, фармацевтика ва электротехника, шунингдек кимё саноати корхоналарини модернизация қилиш ва биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулот турларини кўпайтиришни назарда тутган ҳолда қўшма лойиҳалар сонини ошириш учун катта салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Икки мамлакат тадбиркорларини ҳамкорликка фаол жалб қилиш орқали ўзаро манфаатли саноат кооперацияси лойиҳалари сонини кўпайтириш бўйича яқиндан иш олиб бориш зарурлиги тўғрисида якдил фикрлар билдирилди.
Шунингдек, 2021 йилда 67 фоизга ошган икки мамлакат ўртасидаги товар айланмасининг барқарор ўсиши кузатилди. Томонлар яқин келажакда товар айирбошлаш ҳажмини 2 млрд долларга етказиш мақсадига эришиш бўйича чоралар кўришга содиқлигини тасдиқлашди. Шу нуқтаи назардан томонлар «Лебап–Бухоро» ва «Дашогуз–Хоразм» чегараолди савдо зоналарини ишга туширишни тезлаштиришга келишиб олдилар.
Икки мамлакатнинг транспорт ва логистика алоқаларини ривожлантириш ҳамда транзит салоҳиятини юксалтириш бўйича қўшма чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Бу борадаги кўзга кўринган кўрсаткичлар қайд этилди. Жумладан, ўтган йили Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида юк ташишнинг ўсиш суръати 2,2 миллион тоннани ташкил қилди, бу эса темир йўл ва автомобиль транспорти орқали олдинги йилда ташилган юк ҳажмларига нисбатан тегишлилик бўйича 50 ва 300 фоизга кўпдир. Шу нуқтаи назардан, тўғридан-тўғри ва транзит юк ташишларга оид тарифларни тартибга солиш шартларини такомиллаштириш механизмлари, шунингдек транспорт йўналишларини диверсификация қилиш бўйича биргаликдаги ҳаракатлар муҳокама қилинди.
Учрашув якунида музокаралар иштирокчилари эришилган келишувлар, муҳокама этилган лойиҳа ва ташаббусларни янада илгари суришга ўзаро тайёрлигини билдирдилар.