Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Қирғизистон Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви ўтказилишини эълон қилди


Қирғизистон Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви ўтказилишини эълон қилди

ТОШКЕНТ, 18 июль. /“Дунё” АА/.  Жорий йил 20-21 июль кунлари Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилояти Чўлпон-Ота шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

 

Қирғизистоннинг “Кабар” миллий ахборот агентлиги мамлакат Президенти Администрациясининг ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Муратбек Азимбакиевга таянган ҳолда хабар беришича, учрашувда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров,  Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Токаев, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этади.

“Мамлакатлар раҳбарлари минтақавий хавфсизликка таҳдид ва хатарларга биргаликда жавоб беришда Марказий Осиё давлатларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан фикр алмашадилар. Минтақа давлатларининг барқарор иқтисодий ўсишини таъминлаш мақсадида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қиладилар”, дея Муратбек Азимбакиев сўзларидан иқтибос келтиради  “Кабар” МАА.

Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббуси Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида илгари сурилган эди. Бундай форматдаги биринчи учрашув 2018 йилда Қозоғистонда, иккинчи учрашув 2019 йилда Ўзбекистонда, учинчи учрашув 2021 йилда Туркманистонда ўтказилган.