Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Туркиядаги ватандош: Янги Ўзбекистоннинг янги ғоялари халқимиз, жумладан, ёшлар учун янги имкониятлар эшикларини очишига ишонаман


Туркиядаги ватандош: Янги Ўзбекистоннинг янги ғоялари халқимиз, жумладан, ёшлар учун янги имкониятлар эшикларини очишига ишонаман

АНҚАРА, 4 август. /“Дунё” АА/. Анқара Ҳажи Байрам Вали университети Адабиёт факультетининг Санъат тарихи бўлими аспиранти Сурайё Хўжаева Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга ўз муносабатини билдирди:

 

– Хорижда истиқимот қилаётганим сабабли ҳар куни ижтимоий тармоқлар орқали мамлакатимизда кечаётган конституциявий ислоҳотлар жараёнларини диққат билан кузатиб бораман.

Янги Ўзбекистоннинг янги ғоялари халқимиз, жумладан,   ёшлар учун янги имкониятлар эшикларини очишига ишонаман.  Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида изчил давом этаётган ижобий ўзгаришлар четдан қараганда янада ёрқинроқ кўринади.

Ҳозирги пайтларда ёшларимизнинг нуфузли хориж университетларида таҳсил олишлари учун яратилаётган имкониятлар натижаси ўлароқ Ватанимизнинг интеллектуал салоҳияти тобора ортмоқда. Ёшларнинг янада кўпроқ хорижга чиқишлари учун Конституцияга инсон капиталини янада ривожлантиришга доир қўшимча ва меъёрлар киритилишни олқишлайман. Давлатимиз раҳбари айтганларидек, Ўзбекистон ёшлар мамлакати бўлиши шарт.

Нафақат чет элдаги университетлар, балки мамлакатимиздаги олий ўқув юртларига кириш учун қўшимча ўринлар ажратилиб, ёш талабалар учун имкониятлар кенгайиб бораётгани қувонарли ҳол. Шу билан бирга, Ўзбекистонда хорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари очилаётгани ҳам айни муддаодир.

Фикримча, давлат бошқарувида ҳам чет эл тажрибаси ва билимини эгаллаган ёшларга имкон бериш керак. Биз ёшлар мамлакатимиздан янада кўп имкониятларни кутиб қоламиз.

Янги Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар ва аҳоли томонидан берилаётган фикр-мулоҳаза ва таклифлар мен каби хорижда таълим олаётган талабалар ҳамда меҳнат муҳожирларини жудаям қизиқтирмоқда. Ўзбекистон ҳам Туркия ва Европанинг қатор мамлакатлари каби ривожланишини астойдил ҳоҳлаймиз ва бу йўлда  қўлимиздан келган барча имкониятларимиз сафарбар қиламиз.