
Мазкур мусобақада Ўзбекистон шарафини 265 нафар спортчимиз ҳимоя қилмоқда.
Юртимиз атлетларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов айни вақтда Коня шаҳрида бўлиб турибди.
Шунингдек, вазир ташрифининг кун тартибидан хорижлик спорт мутасаддилари билан учрашувлар ўтказиш ва ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш ҳам ўрин олган.
Хусусан, бугун, 9 август куни Конядаги “Гранд Миллениум” меҳмонхонасида спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов ҳамда Туркия ёшлар ва спорт ишлари вазири Мехмет Касапоглу ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида икки мамлакат ўртасида спорт соҳасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, футбол, дзюдо, бокс, оғир атлетика каби спорт турларида кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Шу ўринда Адҳам Икромов Туркия ёшлар ва спорт ишлари вазири Мехмет Касапоглу ҳамда V Ислом бирдамлиги ўйинлари ташкилотчиларига спортчилар учун яратилган шароит ва юқори даражада ташкил этилаётган тадбирлар учун ўз миннатдорлигини билдирди.
А.Икромов туркиялик ҳамкасбига Ўзбекистонда ташкил этилаётган нуфузли халқаро мусобақалар, жумладан, шу йил ўтказиладиган дзюдо бўйича катталар ўртасида жаҳон чемпионати, бокс бўйича 2023 йили бўладиган жаҳон чемпионати, яқинда мезбонлик ҳуқуқи қўлга киритилган шахмат бўйича 46-Бутунжаҳон олимпиадаси ҳақида тўхталиб, ушбу тадбирларда Туркия спорт делегациясини ҳам фаол иштирок этишга чақирди.
Учрашув қизғин давом этаётган бир вақтда Адҳам Икромовга ўзбекистонлик ёшлар 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ғолиб бўлгани тўғрисидаги ахборот етказилди ва бу хушхабардан мамнун бўлган Туркия ёшлар ва спорт ишлари вазири Мехмет Касапоглу Ўзбекистон халқи ва олимпиада ғолибларини тарихий ғалаба билан муборакбод этиб, шахматчи ёшларга келгуси мусобақаларда улкан зафарлар тилади.
Отабек ЭШМАМАТОВ, ЎЗА