Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

«Коня-2021»: юксалиш сари муҳим қадам ташланди


«Коня-2021»: юксалиш сари муҳим қадам ташланди

Туркиянинг Коня шаҳрида давом этаётган Ислом бирдамлик ўйинларининг 7 кунги баҳслари ҳамюртларимиз учун бир жиҳатдан омадли, бир жиҳатдан омадсиз келди.

Омадли тарафи, ўйинларнинг муросасиз баҳсларида ҳамюртларимиз 16 та медаллар жамланмасига сазовор бўлиб, 6 та олтин, 4 та кумуш ва 6 та бронза эвазига умумий медаллар сонини 39 тага етказган ҳолда 56 та давлат ўртасида 3-ўринга кўтарилиб олишга эришди.

Омадсизлигимиз шундаки, кечаги баҳсларда Ислом бирдамлиги ўйинларида қатнашаётган спортчиларимизнинг 50 нафарга яқини совринли ўринлар учун кураш олиб борган бўлса, шундан атиги 16 таси шоҳсупага кўтарилди.

Бундан ташқари, айрим баҳсларда ўйинларни бошқариб бораётган ҳакамлар спортчиларимизнинг хатти-ҳаракатига ноҳақ муносабатда бўлди. Бу ҳолатлар эса кеча қўлга киритилган 16 та медалга сон ва сифат жиҳатдан қўшилиши мумкин бўлган олтин-кумуш-бронзалар кўрсаткичига салбий таъсир кўрсатди.

Агар кечаги баҳсларда эркин курашчимиз, Токио олимпиадаси совриндори Бекзод Абдураҳмоновнинг ютиб турган беллашувини ҳакамлар мағлубиятга айлантирмаганида, 70 килограмм оғирликдаги полвонимиз Зафарбек Отахонов шиддат кўрсатганда, шунингдек таэквондочи қизларимиз ишончни тўла-тўкис оқлаганида, Ўзбекистон терма жамоаси ўйинларнинг 8 кунини янада сермаҳсул қаршилаши эҳтимолдан йироқ эмасди.

Нима бўлганда ҳам, ҳамюртларимиз Ислом бирдамлиги ўйинларини катта шиддат билан ўтказаётгани беллашувларда яққол кўриниб турибди. Бу – спорт. Унда кимдир ғолиб ва кимдир мағлуб бўлиши тайин.

Ўйинларнинг 8-куни ҳам бошланди. Бугун 12 август куни ўйинлар дастурига биноан таэквондочилар ва енгил атлетикачилар сўнгги беллашувлар кунини ўтказса, юртимиз оғир атлетикачилари медаллар учун курашга киришади.

Хабар берганимиздек, бугун истеъдодли оғир атлетикачиларимиз Адҳамжон Эргашев ва амалдаги жаҳон чемпиони Достон Ёқубов Ислом бирдамлиги ўйинларида ўз омадларини синовдан ўтказишади.

Эслатиб ўтамиз, умумжамоа ҳисобида ҳамон туркияликлар 34 та олтин, 30 та кумуш, 25 та бронза, жами 89 та медаль билан пешқадамлик қилмоқда. Улардан кейинги ўринни банд этган эронликлар ҳисобида 15 та олтин, 14 та кумуш, 10 та бронза медали мавжуд.

Вакилларимиздан кейинги қатордан жой олган Озарбайжон спортчилари 7 та олтин, 10 та кумуш, 8 та бронза медалига эга бўлиб турибди.

Тўлқин Рўзиев,

Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА