Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида Ўзбекистоннинг кўп томонлама дипломатияси


Халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида Ўзбекистоннинг кўп томонлама дипломатияси

Ўзбекистоннинг халқаро майдонда нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ), Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ), Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ва бошқа ташкилотлар доирасидаги кўп томонлама дипломатияси ҳамда халқаро хавфсизлик ва минтақавий ривожланишнинг долзарб муаммоларини ҳал этиш юзасидан илгари сураётган ташаббуслари жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланаётгани эътиборга молик.

Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган ташаббуслари натижасида Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви йўлга қўйилди. Шунингдек, Тошкентда Афғонистон бўйича халқаро конференция ташкил этилган бўлса, 2018 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюцияси ва “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияси қабул қилинди ҳамда БМТ шафелигида Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўп томонлама Траст фонди фаолияти жорий қилинди. Бундан ташқари, Ўзбекистон томонидан Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш бўйича билдирган таклифи асосида 2021 йилнинг 18 май куни БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси қабул қилиниши халқаро даражада илгари сурилаётган ташаббусларнинг амалий натижаси бўлди.

Шунингдек, мамлакат тарихида биринчи марта Ўзбекистон 2020 йилда МДҲ раислигини қабул қилди. Кўп томонлама ҳамкорликни изчил кенгайтириш ва самарадорлигини ошириш раисликнинг асосий устувор йўналиши сифатида белгиланиб, қисқа муддатда Ўзбекистоннинг мазкур халқаро ташкилотга раислигининг концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилди.

Аҳамиятлиси, мамлакатимизнинг МДҲ ва унга аъзо давлатлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларининг жадаллашуви натижасида савдо-иқтисодий алоқалар барқарор ўсиб келмоқда. Жумладан, 2020 йил якунига кўра, Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари билан ташқи савдо айланмаси ҳажми 11,4  миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2021 йилда мазкур кўрсаткич 15,9 миллиард доллларга етиб, мамлакат ташқи савдо айланмасининг 37,7 фоизи МДҲ давлатларига тўғри келди.

Ўзбекистонда кузатилаётган жиддий модернизация ва ислоҳотлар жараёни мамлакат ташқи сиёсатида, шу жумладан, унинг ШҲТ доирасидаги фаолиятида ҳам янги даврни бошлаб берди. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил сентябрь ойида Тожикистон пойтахти Душанбеда бўлиб ўтган ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг юбилей мажлисида иштирок этди.

 Саммитда Ўзбекистон Президенти томонидан умумий хавф-хатар ва таҳдидларга ўз вақтида ва биргаликда жавоб қайтариш, минтақавий иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, ШҲТ маконида дўстликни мустаҳкамлаш ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш зарурлиги таъкидланиб, Афғонистонда вужудга келаётган вазиятдан хавотир билдирилди ҳамда мазкур мамлакатдаги вазиятни сиёсий йўл билан ҳал этиш масалаларини кенг муҳокама қилиш мақсадида “ШҲТ – Афғонистон” форматида юқори даражадаги учрашувларни мунтазам ўтказиш таклифи билдирилди. Саммитдан сўнг ташкилот Низомига мувофиқ, 2021−2022 йилларда ШҲТга раислик қилиш Ўзбекистонга расман ўтди.

Таъкидлаш ўринлики, ШҲТ Ўзбекистоннинг кўп томонлама дипломатияси тизимида алоҳида ўрин тутади. Мамлакатимиз мазкур ташкилотнинг олтита таъсисчи давлатларидан бири сифатида унинг асосий тамойиллари ва таъсис ҳужжатларини ишлаб чиқиш, институционал асосларини яратиш ва ривожлантиришда фаол иштирок этди. Шунингдек, Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари тизимида ШҲТ очиқ, прагматик ва кенг кўламли манфаатли ҳамкорлик йўлини амалга ошириш нуқтаи назаридан кўп томонлама платформа сифатида ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамиятга эга. 

Ташкилотга раислик даврида турли идоралараро йиғилишлар ва учрашувлар қатори,  юзга яқин йирик тадбирлар, хусусан, Ўзбекистон ташаббуси билан ШҲТ Халқ дипломатияси форуми, Сайёҳлик форуми, Анъанавий табобат, ёшлар ўртасида стартап лойиҳалари танлови, ШҲТ аёллар форуми каби йирик халқаро тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Ўзбекистон раислигининг энг асосий воқеаси, ШҲТ давлат раҳбарларининг навбатдаги саммити Самарқандда жорий йил 15-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтиши белгиланган. Унда ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий ва концептуал ҳужжатлар тўплами имзоланиши кутилмоқда.

Шунингдек, 2019 йилда Ўзбекистоннинг Туркий кенгашга тўлақонли аъзо бўлиши муҳим воқеа бўлди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 12 ноябрь куни Туркий кенгашнинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган саккизинчи саммитида иштироки ҳамда Туркий Кенгаш номини “Туркий давлатлар ташкилоти” деб ўзгартириш ва мазкур ташкилотнинг биринчи саммитини 2022 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши тўғрисида қарорлар қабул қилиниши алоҳида аҳамиятга эга.

Сўннги йилларда Ўзбекистоннинг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги алоқалари ҳам сезиларли фаоллашди. Давлат раҳбарининг мазкур ташкилот саммитларида мунтазам иштироки ва эришилаётган кўп томонлама келишувлар бунга мисол бўла олади. Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил Ашхободда бўлиб ўтган ИҲТ саммитида иштирок этиши ҳамда унинг доирасида Тожикистон, Эрон ва Покистон президентлари билан музокаралар ўтказгани алоҳида аҳамиятга эга. Қолаверса, саммит якунида Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига 2022 йилдаги раисликни қабул қилди.

 

Шунингдек,Ўзбекистон томонидан 2017-2021 йиллар давомида халқаро молия институтлари ва савдо ташкилотлари – Жаҳон банки, Халқаро валюта фонди, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Жаҳон савдо ташкилоти ва бошқалар билан ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Шу ўринда, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликнинг тикланганлиги муҳим воқеа бўлиб, бунинг натижасида мамлакатда қатор ижтимоий лойиҳаларни ҳам молиялаштириш имконияти таъминланди.

Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Бошқарувчилари кенгаши йиллик анжуманининг 2021 йилда Тошкент шаҳрида ташкил этилганлиги муҳим аҳамиятга эга. Мазкур халқаро анжуманга ташриф буюрган ИТБ раҳбари Ўзбекистон Президенти билан учрашиб, музокараларда кўп қиррали шерикликни кенгайтириш истиқболлари, хусусан, 2022-2025 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурини қабул қилиш ҳамда Тошкентда Банкнинг тўлақонли ваколатхонасини ишга тушириш каби масалалар муҳокама қилинди.

Ташқи савдо йўналишларини диверсификациялаш ва уларнинг халқаро инфратузилмалар билан интеграциялашувига қаратилган тадбирлар доирасида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши учун 2017-2021 йиллар давомида салмоқли ишлар йўлга қўйилди. Бундан ташқари, ўтган давр ичида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлиги ҳам фаоллашди. Хусусан, 2020 йилда Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчига айланди. 

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича 2017–2021 йиллар давомида “Ҳаракатлар стратегияси” доирасида мамлакатимизда изчил амалга оширилган ислоҳотлар ўз самарасини кўрсатиб, хусусан, ташқи сиёсат йўналишида эришилган натижалар “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси”га мустаҳкам пойдевор бўлди. Қолаверса, амалга оширилаётган ички ва ташқи сиёсатдаги ижобий ўзгаришлар мустақил Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ортишига хизмат қилмоқда.

Тараққиёт стратегиясининг “очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш”га оид бир қатор стратегик мақсадлар ва вазифалари Ўзбекистоннинг халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги кўп томонлама дипломатиясини янада фаоллаштиришга қаратилган. Жумладан, Тараққиёт стратегиясида Ўзбекистоннинг БМТ органлари ва институтлари, глобал ва минтақавий иқтисодий, молиявий ва гуманитар ташкилотлардаги фаолиятини кучайтириш; ЖСТ аъзо бўлиш ва ЕОИИ билан интеграция жараёнларини чуқурлаштириш; МДҲ мамлакатлари билан анъанавий стратегик ҳамкорликни жадаллаштириш, шунингдек, жорий йил Давлат дастурида “Марказий Осиё давлатлари ва Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” мулоқотлар платформасида иштирок этиш, Ўзбекистонда “ЕИ–Марказий Осиё” форумини ўтказиш ва унга мунтазамлик тусини бериш, Самарқанд шаҳрида “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланиш бўйича вазирлар даражасидаги халқаро конференцияни ўтказиш каби долзарб вазифалар белгиланган.

Эътиборлиси, жорий йилда Ўзбекистоннинг учта нуфузли халқаро ташкилот – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотларида раислик қилиши, шунингдек, мамлакатимизда мазкур ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари иштирокида саммитларнинг режалаштирилганлиги Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолияти ва кўп томонлама дипломатиясида янги саҳифа очмоқда.

Мустақил Ўзбекистоннинг БМТ, МДҲ, ШҲТ, ЖСТ, Туркий давлатлар ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳамда бошқа минтақавий ва халқаро сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамкорлик тузилмалари доирасида иштироки ва кўп томонлама дипломатияси нафақат Марказий Осиё, балки дунёнинг бошқа минтақалари, хусусан, Европа, Америка, Кавказ, Жанубий-Шарқий Осиё, Араб давлатлари, Ҳинд ва Тинч океани минтақаларидаги давлатлар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларнинг ривожланиши ва кенгайишига хизмат қилади. 

Мазкур минтақалар транспорт-логистика йўналишларини ўзаро боғлаш учун янги истиқболлар яратилмоқда, ҳудудлараро савдони ривожлантириш билан бирга янги бозорларга чиқиш, транспорт йўлакларини диверсификация қилиш имкони яратилмоқда. Натижада нафақат Ўзбекистон, балки минтақамиз – Марказий Осиё ҳам улкан имкониятлар ва ҳамкорлик макони бўлиб, Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубни боғловчи минтақалараро боғлиқликнинг ажралмас ва муҳим қисмига айланмоқда. Шуларни инобатга олган ҳолда, халқаро майдонда кечаётган мураккаб геосиёсий жараёнлар шароитида минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик муҳитини таъминлаш, аҳил қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада мустаҳкамлаш, яқин хамкор хорижий давлатлар ҳамда минтақавий ва халқаро ташкилотлар доирасида миллий манфаатларни кўп томонлама дипломатиянинг самарали воситалари орқали фаол илгари суриш муҳим аҳамият касб этмоқда. 

 

 

Фаррух ҲАКИМОВ, 

“Тараққиёт стратегияси” маркази 

бўлим бошлиғи.

ЎзА