ТОШКЕНТ, 21 сентябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари кеча Тошкент шаҳридаги Президент мактаби фаолияти билан танишди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Президент таълим муассасалари агентлиги кўмагида ташкил этилган учрашувларда мамлакатимизнинг Тожикистон, Қирғизистон, Россия, Қозоғистон ва Туркиядаги элчилари, шунингдек, Беларусдаги элчихонаси маслаҳатчиси қатнашди.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг «Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида» фармонида Агентлик тизимидаги таълим муассасаларида Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари иштирокида махсус тадбирлар, маданият кунлари, маърузалар, учрашув ва маҳорат дарсларини ташкил этиш белгиланган.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган ушбу мактабларда таълим олаётган ўқувчилар мамлакатимизни янги тараққиёт босқичига кўтариш жараёнида фаол иштирок этадиган янги авлод кадрлари таълим олмоқда. Бугунги кунда ана шундай юксак салоҳиятли кадрларни тарбиялаш мақсадида юртимизнинг ҳар бир ҳудудида биттадан янги типдаги таълим муассасаси - Президент мактаблари ташкил этилган.

Тадбирларда дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар ўртасидаги дипломатик муносабатлар, дипломатик ваколатхоналар фаолияти, дипломатлар учун зарур бўлган кўникмалар ва бошқа мавзуларда ўқувчиларга сўзлаб берди.
Ўзбек дипломатлари ёшларни Президент мактабларида яратилган кенг имкониятлардан унумли фойдаланиб, келгусида давлатимиз раҳбари ва халқимиз ишончини қозониш учун бор куч-ғайратини ишга солишга, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга чақирди.
Очиқ ва таассуротларга бой ўтган учрашувлар чоғида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга дипломатлардан жавоб олди.