ТОШКЕНТ, 23 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги Академик лицейга хорижий тиллардаги ўқув материаллари, компютерлар ва бошқа зарур жиҳозларни топширди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда мамлакатимизнинг Озарбайжондаги элчиси Баҳром Ашрафхонов, Қозоғистондаги элчи Саидикрам Ниёзхўжаев, Россиядаги элчи Ботиржон Асадов, Саудия Арабистонидаги дипломатия ваколатхонаси раҳбари Улуғбек Мақсудов, Тожикистондаги дипломатия миссиясини бошқараётган Эргаш Шоисматов, Туркманистондаги элчи Акмалжон Қўчқоров ва Туркиядаги элчи Алишер Аъзамхўжаев қатнашди.
Учрашувда ўқувчилар дипломатлар фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари, Ўзбекистон ва хорижий давлатлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар билан танишиш, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш имконига эга бўлдилар.
Маълумот тариқасида қайд этиш жоизки, Ташқи ишлар вазирлиги ҳомийликка олган Учтепа туманидаги мактабга, шунингдек, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ҳар томонлама кўмак кўрсатиб келмоқда.