ТОШКЕНТ, 27 сентябрь. /“Дунё” АА/. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида (ЖИДУ) Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан қўйилган асосий вазифалардан бири Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, шунингдек, ЖИДУ Академик лицейини янада ривожлантириш учун барча шарт-шароитларни яратиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат экани таъкидланди
ЖИДУ ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Ахатов, Озарбайжондаги элчи Баҳром Ашрафхонов, Қозоғистондаги элчи Саидикром Ниёзхўжаев, Саудия Арабистонидаги элчи Улуғбек Мақсудов, Туркманистондаги элчи Акмалжон Қўчқоров, Туркиядаги элчи Алишер Аъзамхўжаев, Эрондаги элчи Баҳодир Абдуллаев ва Ташқи ишлар вазирлигининг масъул ходимлари, университет профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этдилар.
Ёшлар билан суҳбатда дипломатия миссиялари раҳбарлари, жумладан, мазкур университетни тамомлаганлар талабаларга хориждаги фаолияти, босиб ўтган йўллари ва муваффақиятлари ҳақида сўзлаб берди.
ЖИДУ ўқув ишлари бўйича проректори Дурбек Аманов меҳмонларни университет фаолияти, эришилаётган натижалар ва истиқболдаги таълим лойиҳалари билан таништирди.
– Айтиш керакки, яқинда ЖИДУ бўйича қабул қилинган қарор барчанинг диққат марказида бўлди, - деди. - 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Президентимизнинг жорий йил 23 июлдаги қарорига мувофиқ, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолияти «янги авлод олий таълим муассасаси – Смарт университет» концепцияси асосида қайта ташкил этилди.
Учрашув якунида университет талабалари ўзларини қизиқтирган саволларга дипломатлардан батафсил жавоб олдилар.