ТОШКЕНТ, 12 октябрь. /«Дунё» АА/. Бугун Марказий Осиё халқаро институтида (МОХИ) «Ўзбекистон ва Туркия таҳлил институтлари ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги босқичи» мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбир Туркия Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси (SETA) билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилди.
Давра суҳбатида экспертлар Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлигининг долзарб масалаларини кўриб чиқдилар, уни ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ишонч тамойиллари асосида фаоллаштириш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.
Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ҳар томонлама стратегик шерикликнинг янги босқичига кўтарилгани қайд этилди. Шунингдек, сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми қарийб 2,5 баробарга ўсиб, инвестициявий алоқалар изчил ривож топмоқда. Инвестиция ҳамкорлиги даражаси 70 бараварга ўсди. Жорий йил бошидан буён қарийб ярим миллиард АҚШ доллари миқдоридаги инвестициялар ўзлаштирилди. Сўнгги йилларда қўшма корхоналар сони 5 баробарга ортиб, 2 мингтага етди.
Учрашувда яқинда бўлиб ўтган ШҲТ Самарқанд саммити доирасида икки мамлакат етакчилари томонидан қишлоқ хўжалиги, транспорт, электротехника, тўқимачилик ва чарм саноати, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, инновациялар, юқори технологиялар, туризм ва маданият каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ мақсадлар белгилаб олингани қайд этилди.
Бундан ташқари, экспертлар жорий йилда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ва Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммитига алоҳида эътибор қаратдилар.
Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити ҳамкорликнинг янги истиқболларини муҳокама қилиш ва аниқ таклифлар ишлаб чиқишда муҳим воқеа бўлиши таъкидланди.
Тадбир давомида, шунингдек, МОХИ ва Туркиянинг таҳлил марказлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, қўшма илмий-амалий тадбирлар ўтказиш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.
Мутахассислар Туркия илмий-тадқиқот институтлари, хусусан, SETAнинг Ўзбекистон таҳлил марказлари билан яқин алоқаларни ўрнатишга бўлган юқори қизиқишини қайд этдилар.
Томонлар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги шерикликни сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда янада кенгайтириш масалаларини экспертлар даражасида кўриб чиқишдан манфаатдор эканини билдирдилар.