Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Конституциявий ўзгаришлар ҳаётий заруриятга айланди


Конституциявий ўзгаришлар ҳаётий заруриятга айланди

not found

2023 йил 24 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлашга масъул бўлган Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталарининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар атрофлича кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар мазмун-моҳиятига кўра, “инсон – жамият – давлат”, “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилларни конституциявий қоида сифатида муҳрлашга, халқпарвар давлат барпо этишга, инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ва ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Конституциявий ўзгаришлар Ўзбекистоннинг тадрижий ривожланишидан келиб чиқиб ҳаётий заруриятга айланди. Миллат ва халқ сифатида кейинги қадамларимизни аниқлаб олишимиз учун ўта муҳим бўлган адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадам бўлмоқда.

Ўтган даврда фуқароларимиздан келиб тушган 220 мингдан ортиқ таклифлар, шунингдек 2022 йил 24 ноябрь куни Қонунчилик палатаси мажлисида депутатлар ва сиёсий партиялар фракциялари томонидан билдирилган қатор таклифлар масъул қўмиталар томонидан чуқур таҳлил қилиниб, Конституциявий қонун лойиҳасида акс эттирилди.

Йиғилишда сўз олганлар Конституция ҳам мазмунан, ҳам шаклан мутлақо янги Конституция бўлаётганлигини алоҳида қайд этишди.  Зеро, унинг аксарият нормалари принципиал жиҳатдан янгиланмоқда, биргина инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид қоидалар қарийб икки баробарга ортаётганлиги таъкидланди.

Қайд этилганидек, Конституциявий қонун лойиҳасида инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши белгиланяпти. Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак. Шунингдек, қонунда назарда тутилган пенсиялар, нафақалар ва бошқа ижтимоий ёрдамнинг миқдори расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлиши мумкин эмаслиги аниқ кўрсатилмоқда, фуқаролар тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини давлат ҳисобидан бепул олишга ҳақли экани қатъий ўрнатилмоқда.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини кучайтиришга қаратилган қўшимча нормалар киритилди. Жумладан, давлатнинг фуқароларни ишсизликдан ҳимоя қилиш ва камбағалликни қисқартириш чораларини кўришга оид вазифаларини назарда тутувчи янги модда киритилди. Бундан ташқари, мазкур моддага мувофиқ, давлат фуқаролар бандлигини таъминлаш учун уларнинг касбий тайёргарлиги ҳамда қайта тайёрланишини ташкил этиши ва рағбатлантириши назарда тутилмоқда.

Йиғилишда таъкидланганидек, фуқароларимизнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи конституциявий даражада мустаҳкамланмоқда. Давлат уй-жой қурилишини рағбатлантириши ва уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилишига шарт-шароит яратиши белгиланмоқда. Ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларни уй-жой билан таъминлашнинг қонуний асослари яратилмоқда.

Энг муҳими, Конституцияда ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга номувофиқ ҳолда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги аниқ равшан мустаҳкамланмоқда. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади. Мазкур норманинг Конституцияга киритилиши бир неча йиллардан буён жамиятимизда ўткир муаммолардан бирига айланган “снос” билан боғлиқ муаммога нисбатан халқпарвар, мулкдорлар манфаатини ҳимоя қилувчи оқилона ечим бўлади.

Қайд этилганидек, Конституциявий қонун лойиҳасида барча соҳаларда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари таъминланишига эришиш масаласи устувор қўйилган. Шу нуқтаи назардан, унда солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги ўрнатилмоқда. Бозор муносабатлари тобора ривожланаётган шароитда ушбу норма барча фуқаролар, тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

Йиғилишда таъкидланганидек, Конституциявий қонун лойиҳасида жамият ва давлат ишларини бошқаришда фуқароларнинг иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини шакллантириш ҳамда ижро этиш тартиб-таомиллари очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида амалга оширилиши, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари Давлат бюджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши белгиланмоқда. Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш, атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатишга йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши, шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши мустаҳкамланмоқда.

Йиғилишда сўз олганлар лойиҳада мамлакатимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсатини қатъий давом эттиришга қаратилган қоидалар мустаҳкамланаётганлигини алоҳида эътироф этишди. Хусусан, давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини кафолатлаши, шунингдек оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши мустаҳкамланмоқда.

Айни пайтда Ҳукумат зиммасига ижро ҳокимияти органларининг ишида очиқлик ва шаффофликни, қонунийлик ва самарадорликни таъминлаш, уларнинг фаолиятидаги коррупция кўринишларига қарши курашиш, давлат хизматларининг сифатини ва очиқлигини ошириш чораларини кўриш вазифаси белгиланаётганлиги қайд этилди.

Конституциямизга киритилаётган ушбу норма мамлакатимизда сўз ва ахборот эркинлигини  янада юксалишига, жамиятда очиқлик ва ошкоралик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Депутатлар қайд этишганидек, аввалги муҳокамаларда Конституциявий қонун лойиҳасидан ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига бошчилик қилишини назарда тутувчи қоида чиқариб ташланган эди. Бироқ, жамоатчилик томонидан берилган таклифларда бундай ўзгаришнинг ўзи етарли эмаслиги, яъни ҳокимлар халқ депутатлари Кенгашларида раҳбар бўла олмаслиги аниқ кўрсатилиши кераклиги билдирилган эди. Шунга мувофиқ, “ҳоким лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида тегишли халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмас” деган қатъий норма ўрнатилмоқда.

Тадбир якунида таъкидланганидек, конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаси яна давом эттирилади. Жумладан, яқин кунларда олимлар, ҳуқуқшунослар, фаол ёшлар иштирокида муҳокамалар бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Қўшма йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан қўмиталарнинг тегишли қарори қабул қилинди.