
2023 йил 27 февраль куни Тошкент давлат юридик университетида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлашга масъул бўлган — Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталари томонидан “Конституциявий ўзгаришлар — олимлар нигоҳида” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди.
Унда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар конституциявий ҳуқуқ соҳасининг олимлари ва ёш тадқиқотчилар иштирокида муҳокама қилинди.
Кўплаб таклифлар инобатга олинган
Таъкидланганидек, масъул қўмиталар томонидан янгиланаётган Конституция лойиҳаси устида иш олиб боришда асосий эътибор авваламбор, умумхалқ муҳокамаси, жамоатчилик, парламент аъзолари, халқаро ва хорижий экспертлар иштирокидаги муҳокамаларда берилган таклифлар ҳар томонлама таҳлил қилиниб, уларнинг долзарблари лойиҳада акс эттирилди.
Таклифларда фуқаролар инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, таълим ва илм-фан соҳаларини тараққий эттириш, хусусий мулк дахлсизлигини янада мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ масалаларга устувор аҳамият қаратганлар.
Келиб тушган ҳар бир таклиф унинг халқчиллиги, аҳоли учун ортиқча бюрократия келтириб чиқармаслиги, “Инсон қадри учун” деган тамойилга мос келиши, Конституциянинг бошқа нормаларига, олиб борилаётган сиёсатимизга, белгилаб олган стратегиямизга ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларига зид келмаслиги, ўзбек давлатчилигининг тарихий тараққиётига, буюк аждодларимизнинг маданий меросига ва миллий қадриятларимизга путур етказмаслиги каби мезонлар асосида чуқур таҳлил этилди.
Малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи энди Конституцияда акс эттирилади
Қайд этилганидек, Конституциявий қонун лойиҳаси билан ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши белгиланмоқда. Қонунда назарда тутилган ҳолларда, юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади. Ҳуқуқбузарликлардан жабрланганлар ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жабрланганларга ҳимояланишни ва одил судловдан фойдаланишни таъминлайди, уларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратади.
Конституцияда адвокатура учун алоҳида боб пайдо бўлмоқда
Йиғилишда сўз олганлар, янгиланаётган Конституциямизда прокуратурага оид конституциявий нормалар қандай алоҳида бобда акс эттирилган бўлса, худди шундай адвокатурага бағишланган янги боб киритилаётганлигини тарихий аҳамиятга эга воқелик сифатида баҳолашди. Зеро, бу орқали айблов ва ҳимоянинг том маънода тенглигини таъминлашнинг мустаҳкам конституциявий асослари яратилмоқда.
Конституцияда белгиланаётганидек, жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолият кўрсатиши назарда тутилмоқда. Адвокатура фаолияти қонунийлик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланади. Адвокатура фаолиятини ташкил этиш ва унинг тартиби қонун билан белгиланади. Адвокат ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди. Адвокатга ўз ҳимоясидаги шахс билан тўсқинликсиз ва ҳоли учрашиш, маслаҳатлар бериш учун шарт-шароитлар таъминланади. Энг муҳими, адвокат ва унинг касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлади.
Судлар мустақиллигини таъминлаш Конституцияда яна мустаҳкамланмоқда
Конференцияда таъкидланганидек, судларнинг фаолиятини молиялаштириш фақат Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан амалга оширилиши Конституция билан мустаҳкамланмоқда. Бу ўз навбатида, одил судловни тўлиқ ва мустақил равишда амалга ошириш имконини беради. Бундан ташқари, лойиҳада Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгалиги кўзда тутилмоқда. Давлат хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар фақат қонун билан белгиланиши мумкинлиги мустаҳкамланмоқда.
Шу билан бирга, мамлакатизимзда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олиниши кўзда тутилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга ва тўғридан-тўғри амал қилади.
Халқаро шартномаларнинг устуворлиги Конституцияда тан олинмоқда
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисмидир. Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қонунида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидалари қўлланилади. Бу қоидаларнинг ўрнатилиши давлатимизнинг халқаро мажбуриятларига содиқлигини, халқаро ҳамжамият кўз ўнгида ишончли ҳамкор сифатида намоён бўлишида, пировардида давлатимизнинг халқаро нуфузини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Парламентни ислоҳ қилиш таклиф қилинди
Муҳокамаларга бой бўлган тадбирда ТДЮУ кафедра мудири, юридик фанлар доктори, профессор Ихтиёр Беков сўз олиб, Олий Мажлис фаолиятини ислоҳ қилишда ҳар икки палата конституциявий ваколатларида такрорланишларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Унинг фикрича, бу борадаги хорижий тажриба таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, уларда парламентнинг қуйи палатаси “сиёсийлашган” палата ҳисобланиб, сиёсий партиялар фракциялари учун сиёсий майдон ҳисобланади ва аксарият давлатларда ҳукуматни шакллантириш ва унинг фаолиятини назорат қилиш бевосита қуйи палатанинг ваколатига киради. Юқори палаталар эса асосан ҳудудлар манфаатини ҳимоя қилиш, маҳаллий ҳокимият органлари манфаатларини ифодалаш, ташқи сиёсат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, назорат ва махсус хизмат идоралари фаолиятини назорат қилишга йўналтирилганини қайд этиб, Конституция лойиҳасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг ваколат ва масъулият соҳаларини аниқ чегаралашни таклиф этди. Мазкур ўзгартишлар парламент фаолиятида паралелизмга йўл қўймаслик ва ҳар икки палата иши самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Конференцияда юридик фанлар доктори, профессор Хушвақт Хайитов ҳам сўзга чиқиб, ўз таклифларини билдириб ўтди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари давлатнинг ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини амалга оширишда муҳим ўрин тутади. Ўз навбатида, парламент палаталари ваколатлари ўртасида аниқ тақсимот, чегара белгиланиши, такрорлашлар бўлмаслиги ушбу органлар фаолиятини самарадорлиги ва масъулиятини оширади.
Мамлакатимизда юқори палата бўлган Сенат ўзининг устувор фаолият йўналишлари сифатида ҳудудлар манфаатларини ифода этиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш, ташқи сиёсатга оид муайян ваколатларни амалга оширади.
Ўз навбатида, юридик фанлар доктори, профессор Шерзод Зулфиқоров Олий Мажлис фаолиятини такомиллаштириш бўйича ўзининг фикр ва мулоҳазларини, тегишли таклифларини билдириб ўтди.
Ш. Зулфиқоров фикрича, Олий Мажлис Сенатининг қонунчилик жараёнидаги фаолиятини янада такомиллаштириш давр талабидир. Сенат томонидан қонунларни кўриб чиқиш муддатининиг аниқ белгиланиши, қонунларнинг ўз вақтида, янада сифатли тайёрланишини таъминлайди. Шу боис, янгиланаётган Конституцияда илғор хорижий тажриба асосида қонунларни Сенат томонидан кўриб чиқиш муддатларини аниқ белгилаш мақсадга мувофиқ.
Тадбирда Конституциявий қонун лойиҳасида белгиланаётган янги нормалар олимлар фикрлари билан ҳамоҳанг эканлиги таъкидланиб, улар томонидан лойиҳа қўллаб-қувватланди.
Конференция якунида Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаси яна давом эттирилиши хусусан, яқин кунларда фаол ёшлар иштирокида муҳокамалар бўлиб ўтиши қайд этиб ўтилди.
Кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.