
2023 йил 3 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлашга масъул бўлган —Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталари, шунингдек, Ёшлар парламенти ҳамкорликда “Янгиланаётган Конституция — ёшлар нигоҳида” мавзусида давра суҳбати ўтказдилар.
Давра суҳбатида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар фаол ёшлар, хусусан Ёшлар парламенти аъзолари иштирокида муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ўтган вақт мобайнида Қонунчилик палатасининг масъул қўмиталари томонидан Янгиланаётган Конституция лойиҳаси устида қизғин иш олиб борилди. Бунда асосий эътибор умумхалқ муҳокамаси, конституционализм соҳасида етук олимлар, жамоатчилик, халқаро ва хорижий экспертлар иштирокидаги муҳокамаларда берилган таклифларни ҳар томонлама таҳлил қилишга ҳамда энг долзарб таклифларни лойиҳада акс эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан бугунга қадар 220 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушди. Уларнинг 60 фоиздан ортиғи бевосита ёшлар томонидан берилган. Шунинг учун ҳам Янгиланаётган Конституцияда ёшларга оид қатор нормалар, ҳатто битта алоҳида боб “Оила, болалар ва ёшлар” масаласига бағишланди.
Йиғилишда қайд этилганидек, Конституциявий қонун лойиҳаси билан илк маротаба узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожини таъминлаш давлатнинг вазифалари қаторидан жой олмоқда.
Мазкур қоидаларнинг Конституция даражасида белгиланиши, болалар боғчасидан тортиб, токи университетларгача, барча таълим ташкилотларини улар давлатники ёки хусусий эканлигидан қатъий назар, ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин бўлади.
Тадбирда сўз олганлар айтиб ўтганидек, илк маротаба боғча ёшидаги болаларнинг таълим ва тарбияси соҳасидаги давлат мажбуриятларининг конституциявий даражада белгиланишини муҳим воқеа бўлиши кутилмоқда. Бола учун оиладан кейинги биринчи жамоа бу боғчадир. Мактабгача таълим сифатли бўлиши инсоннинг бутун ҳаётига ижобий таъсир кўрсатади.
Алоҳида таъкидланганидек, давлат эндиликда нафақат умумий ўрта таълим балки бошланғич профессионал таълим олишни ҳам бепул бўлишини кафолатлайди. Энг муҳим янгиликлардан бири, бу – алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбиянинг таъминланиши бўлди. Жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ташкил этилади. Бу норма шундай нуқсонларга эга болаларимизнинг яккаланиб қолмаслиги, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида шаклланиши ва камол топиши учун жуда муҳимдир.
Янгиланаётган Конституцияга мувофиқ, фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли, эканлиги аниқ белгилаб қўйилмоқда. 2017 йилга қадар олий таълим муассасаларида грант ўринлари сони фақат қисқариб келди. Сўнгги беш йил ичида, аксинча грантларни кўпайтириш йўлидан борилди. Хусусан, ўтган даврда олий таълимга ажратилган давлат грантлари сони 75 фоизга ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат грантлари сони икки бараварга оширилди, шунингдек, нодавлат олий таълим муассасаларида мутахассисларни тайёрлашга давлат гранти ажратиш амалиёти йўлга қўйилди. Мазкур конституциявий қоиданинг белгиланиши бу борадаги ижобий йўналиш доимо сақлаб қолинишини, давлат олий таълим муассасаларида грант ўринлари йўқолмаслигини таъминлашга хизмат қилади.
Конституциявий қонунга мувофиқ олий таълим ташкилотларига академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқи берилмоқда. Олий таълим тизими билан боғлиқ масалаларнинг Конституция даражасида белгиланаётгани олий таълим жараёнига ташқи аралашувларни чеклаш, олий таълим сифати ва дунёда рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Таъкидланганидек, болаларнинг маънан, жисмонан ва ижодий томондан комил инсон сифатида етишишида нафақат оиладаги муҳит яхши бўлиши, балки давлат томонидан зарур шарт-шароит, имконият ҳам яратиб берилиши зарур. Шу маънода, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг бурчи, сифатида Конституцияда муҳрланмоқда.
Шу билан бирга, давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий ва маънавий меросидан фахрланиш, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади.
Савол-жавобларга бой бўлган йиғилишда қайд этилганидек, Янгиланган Конституцияда алоҳида модда ёшлар ҳуқуқларига бағишланмоқда. Унга кўра давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради.
Давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади.
Йиғилишда сўз олган ёшлар Янгиланаётган Конституциянинг ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор нормаларини ҳар томонлама таҳлил қилган ҳолда ушбу Бош қомусимизни “Ёшлар Конституцияси” дея эътироф этишга ҳам барча асослар борлигини алоҳида қайд этишди.
Тадбирда Конституциявий қонун лойиҳасида ёшларга оид янги нормалар белгиланаётгани келажагимиз эгалари томонидан кўтаринки руҳда қарши олиниб, улар томонидан лойиҳа қўллаб-қувватланди.