Embassy Contact
phone
Consular Issues
phone

Туркия оммавий ахборот воситаси саҳифасида замонавий Ўзбекистон мавзуси


Туркия оммавий ахборот воситаси саҳифасида замонавий Ўзбекистон мавзуси

ИСТАНБУЛ, 6 март. /«Дунё» АА/. Туркиянинг “Haber7.com” сайти саҳифасида журналист Гунгор Явузаслан қаламига мансуб “Дунё тарихий бурилиш палласида” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

 

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқларидан бирида инсоният айни пайтда “тарихий бурилиш палласида” эканлиги, дунё тараққиётнинг бир босқичидан янги босқичига ўтаётгани, шунингдек, бу давр олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган даражада мавҳум воқеликларга бой бўлиши ҳақидаги фикрларни баён этгани билан бошланади.

Муаллифнинг ёзишича, Шавкат Мирзиёевнинг бу фикрлари пандемия натижасида вужудга келган ва кўлами кенгайиб бораётган минтақавий ва глобал можаролар билан тўлиб-тошган бугунги кунимиз манзарасини яққол ифода этмоқда.

Мақолада Ўзбекистон ташқи сиёсати Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгандан кейин янги босқичга кўтарилгани, минтақавий интеграция, ҳамкор ва қўшни давлатлар билан иттифоқчилик муносабатларининг ўрнатилиши бунинг ёрқин мисоли эканлиги қайд этилган.

“Давлат раҳбарининг ташқи сиёсат стратегияси бугунги кунда ҳам муваффақиятли тарзда ҳаётга тадбиқ этилмоқда, деб ёзади муаллиф. Бинобарин, АҚШ Президенти Жо Байденнинг Шавкат Мирзиёевга ёзган мактубида “Марказий Осиё давлатлари ўртасида минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш жараёнида ўзаро муносабатларни ривожлантириш тарафдори эканлигингизни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман”, дея қайд этгани Ўзбекистоннинг минтақавий мувозанатни сақлашдаги хизматлари глобал миқёсда сезилаётганидан далолат беради”.

Мақолада сўнгги тўрт йил ичида минтақа давлатларининг ялпи ички маҳсулоти ҳажми 25 фоизга ўсиб, қиймати 300 миллиард доллардан ошгани, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми эса 2,6 баробарга ортиб, қиймати 6,5 миллиард долларни ташкил этгани ҳам ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган. “Диққатга сазовор жиҳати шундаки, келажакда бу кўрсаткич 10 миллиард доллардан ортиши кутилмоқда”, деб ёзади муаллиф.

Шунингдек, ушбу мақолада мамлакатимизда чегара муаммоларининг ҳал этилиши, Ўзбекистоннинг рақобат ва ҳамкорлик моделига оид муҳим маълумотлар ҳам атрофлича қаламга олинган.