
2023 йил 7 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлашга масъул бўлган — Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталарининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда янгиланаятган Конституциямиз лойиҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар атрофлича кўриб чиқилди.
Йиғилишда Янгиланаётган Конституция тараққий этган давлат – Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятимизни жипслаштириши, унда барча қатлам манфаатлари инобатга олинганлиги, лойиҳани ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, экспертлик ва илмий доиралар вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этганлиги, алоҳида таъкидланди.
Умумхалқ муҳокамаларида 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушганлиги, таклифларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олганлиги қайд этилди. Шу маънода янгиланаётган Конституция том маънода халқ Конституцияси бўлаётганлиги эътироф этилди.
Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилмоқда, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда, Конституциямизнинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаймоқда, яъни амалдаги Конституциямиз 65 фоизга янгиланмоқда.
Йиғилишда Конституцияга киритилаётган асосий ўзгаришларнинг ҳар бири бўйича алоҳида-алоҳида тўхталиб ўтилди, фикр алмашилди.
Хусусан, киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг сиёсий-ҳуқуқий аҳамияти, кўлами ва ҳажмидан келиб чиқиб, лойиҳани янги таҳрирда баён этишга барча асослар борлиги, шу боис Конституциявий қонун лойиҳаси номи “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” деб ўзгартирилгани билдирилди.
Қайд этилганидек, Конституциявий қонун лойиҳасининг матни куни кеча Президентимизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Олий суд раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувида ҳам атрофлича муҳокама этилиб, қўллаб-қувватланди.
Янгиланган Конституция жамиятимиз ҳаётининг барча йўналишларини комплекс тартибга солиш ҳамда мамлакатимизни демократик ривожлантириш йўлида энг муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади. Конституциявий қонун лойиҳасига киритилган янги нормалар барча соҳаларни тараққий эттиришга, шу жумладан, давлат ҳокимиятининг янада самарали ташкил қилинишига ёрдам беради.
Таъкидланганидек, аҳолидан келиб тушган таклифларнинг қарийб 20 фоизи, яъни 18 мингтаси айнан парламентни ислоҳ қилиш билан боғлиқдир. Шундан келиб чиқиб, халқ ҳокимиятчилигини кучайтириш, халқ вакиллик органи бўлмиш парламентнинг ролини ва ўрнини, масъулиятини ошириш, унинг ваколатларини янада кенгайтириш, умуман мамлакатимизда парламентаризм, халқ ҳокимиятчилигини янада кучайтиришга қаратилган бир қатор нормалар лойиҳага киритилган.
Парламент фаолияти билан боғлиқ конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги ваколатлари қайта кўриб чиқилди. Бунда, Қонунчилик палатаси билан Сенатнинг биргаликдаги ваколатлари ҳамда ҳар бир палатанинг алоҳида-алоҳида ваколатлари ва масъулият соҳалари аниқ белгилаб берилмоқда. Яъни, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари 5 тадан 12 тага, Сенатники эса 14 тадан 18 тага кўпайтирилмоқда.
Шунингдек, илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, ҳудудий манфаатларни ифодаловчи орган сифатида Сенатнинг маҳаллий вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашиш каби муҳим ваколат Бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Бундан ташқари, Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги ваколатлари сифатида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги миллий маърузани эшитиш белгиланмоқда. Бу иккала палатанинг мазкур йўналишдаги самарали ҳамкорлигини таъминлаган ҳолда, коррупцияга қарши курашиш борасида ижобий ўзгаришлар учун мустаҳкам замин яратади.
Йиғилишда депутатлар қайд этганидек, янгиланган Конституция жамиятни янада тараққий эттиришга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўлақонли таъминланишига хизмат қилади.
Қизғин руҳда ўтган йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор ва “Ўзбекистон Республикаси референдуми тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ масъул қўмиталарнинг хулосаси қабул қилинди.