Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Асосий қонунимиз том маънодаги халқ Конституциясига айланмоқда


Асосий қонунимиз том маънодаги халқ Конституциясига айланмоқда

not found

2023 йил 7 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда янгиланаётган Конституция лойиҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар атрофлича кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, 2022 йилда иккита етакчи сиёсий партия – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари томонидан мамлакатимизда конституциявий ислоҳотлар бўйича муҳим ташаббус илгари сурилди.

Етакчи сиёсий партияларнинг парламентдаги фракциялари томонидан конституциявий ислоҳотлар бўйича илгари сурган ташаббуслар уларнинг демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришдаги, умуман, мамлакатимиз олий вакиллик органларидаги ўрни ва масъулияти қай даражада ошганлигини намоён этди.

Конституциявий қонун лойиҳаси устида ишлашда Қонунчилик палатасидаги ҳар иккала партия фракциялари аъзолари фаол иштирок этди. Партиялар марказда ва жойларда электорат вакиллари, сайловчилар билан учрашувлар ҳамда мулоқотлар ўтказиб, лойиҳа бўйича ўз таклифларини баён этишди, сиёсий позицияларини белгилаб олишди.

Умумхалқ муҳокамаларида келиб тушган 220 мингдан зиёд таклифларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олди. Фуқароларимиз билдирган бирор-бир таклиф эътибордан четда қолмади. Асосий Қонунимизнинг 65 фоиз матни халқимиз таклифлари асосида янгиланди.

Йиғилишда сўз олганлар ўз партиявий дастур ва мақсадларидан келиб чиқиб, Асосий қонунимиз лойиҳасида тегишли таклифлари акс этганини алоҳида таъкидлашди.

Хусусан, ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари янгиланаётган Конституция лойиҳасида давлатнинг бозор муносабатларини ривожлантириш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиш бўйича мажбуриятлари белгиланаётганини алоҳида қайд этдилар.

Шунингдек, Конституцияда барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги, тадбиркорларнинг қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни мустақил танлаши ва амалга оширишга ҳақли эканлиги кафолатланяпти.

Депутатларнинг фикрича, мол-мулк, уй-жой дахлсизлиги масаласини Бош қомусимизда белгилаш — партия аъзолари ва электорати учун айни муддаодир. Зеро, мол-мулк дахлсизлигининг юксак даражада кафолатланиши ишбилармонлик ва инвестициявий фаолликни рағбатлантиради.

Конституциявий қонун лойиҳаси билан илк маротаба узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожини таъминлаш давлатнинг вазифалари қаторидан жой олмоқда. Ушбу нормалар “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди дастурига ҳамоҳангдир.

Депутатларнинг таъкидлашича, мазкур қоидаларнинг Конституция даражасида белгиланиши, болалар боғчасидан тортиб, токи университетларгача, барча таълим ташкилотларини улар давлатники ёки хусусий эканлигидан қатъий назар, ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин бўлади.

Янгиланаётган Конституцияга фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли эканлиги аниқ белгилаб қўйилаётгани ҳам депутатлар томонидан кўтаринки руҳда қарши олинди. Уларнинг фикрича, мазкур конституциявий қоиданинг белгиланиши бу борадаги ижобий йўналиш доимо сақлаб қолинишини, давлат олий таълим муассасаларида грант ўринлари йўқолмаслигини таъминлашга хизмат қилади.

Йиғилишда Конституциявий қонун лойиҳаси беш турдаги, яъни лингвистик, юридик, гендер-ҳуқуқий, коррупцияга қарши ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга мувофиқлиги бўйича экспертизалардан ўтказилгани, шунингдек, лойиҳанинг ўзбек тилидаги матни таҳририни тайёрлаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилгани таъкидланди.

Депутатлар айтиб ўтганидек, қонун лойиҳасида норматив-ҳуқуқий атамалар ўз мазмунига мувофиқ, ягона шаклда, тўғри қўлланилган. Адабий тил қоидалари ва нормалари талабларига ҳамда юридик, техник ва бошқа махсус қоидаларга аниқ риоя қилинган. Лойиҳадаги нормалар содда ва равон акс эттирилган. Унинг сифати ва даражаси жаҳон конституциявий тараққиётининг асосий тенденцияларига тўла мос келади.

Йиғилишда Конституция лойиҳаси халқимиз иштирокида ҳар томонлама муҳокама қилиниб, бирга тайёрлангани, лойиҳада белгиланаётган янги нормалар сиёсий партиялар фракциялари фикрлари билан ҳамоҳанг эканлиги айтилиб, кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.