
2023 йил 10 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини давом эттирди. Унда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш ҳақидаги масала атрофлича кўриб чиқилди.
Мажлисда Конституциявий қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда энг яхши таклифларни илгари сурган бир қатор фаол фуқаролар ҳам иштирок этдилар.
Таъкидлаш жоиз, куни кеча бўлиб ўтган мажлисда қонун лойиҳасини моддама-модда кўриб чиқиш жараёнида уни янада такомиллаштиришга доир депутатлар томонидан бир қатор таклифлар ва фикр-мулоҳазалар берилган эди. Масъул қўмиталар ҳар бир таклифни синчиклаб, чуқур таҳлил қилиб, уларнинг аксариятини лойиҳа матнида акс эттирди.
Мажлисда Конституциявий қонун лойиҳасининг ўтиш қоидалари моддама-модда муҳокама қилинди. Мазкур қоидалар билан Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг кучга кириши муддатлари ва тартиби батафсил белгиланган.
Мажлисда берилган таклифлар асосида Конституциявий қонун лойиҳасидаги нормалар такомиллаштирилиб, маромига етказилгани айтилди ҳамда ушбу жараёнда фаол иштирок этган Конституциявий комиссия аъзолари ҳамда депутатларга миннатдорлик билдирилди.
Сўз олганлар конституциявий ислоҳотлар фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга оширилишини том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси қабул қилиниши сифатида алоҳида эътироф этишди.
Депутатлар томонидан Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум санасини 2023 йил 30 апрель деб белгилаш ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг референдумни ўтказиш тўғрисидаги қарори юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий судининг хулосасини олиш тўғрисидаги масала ҳам қўллаб-қувватланди.
Янгиланган Конституция ижтимоий, демократик-ҳуқуқий ва чинакам халқпарвар давлатчилик асосларини яратиши, аҳоли фаровонлигини ошириши, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада юксалтириши ва ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштиришда муҳим омил бўлиши ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиётида янги даврни бошлаб бериши қайд этилди.
Мажлис якунида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарор қабул қилинди.
Қонунчилик палатаси мажлисида шунингдек, Конституциявий қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда энг яхши таклифларни илгари сурган фуқароларга миннатдорчилик билдирилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Парламент ахборот маркази