Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Истанбулда ОАВ ходимлари учун Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга бағишланган брифинг ташкил этилди


Истанбулда ОАВ ходимлари учун Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга бағишланган брифинг ташкил этилди

ИСТАНБУЛ, 31 март. /«Дунё» АА/. Истанбулда Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга бағишланган брифинг ўтказилди, деб хабар бермоқда  «Дунё» АА мухбири.

 

Тадбирда  етакчи  ОАВ ходимлари ва блогерлар, шунингдек,  диаспорал ташкилотлар фаоллари ва Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси  вакиллари иштирок этишди.

Ўзбекистонда 2023 йилнинг асосий сиёсий воқеаси – конституциявий ислоҳотлар ва мамлакат Асосий қонунига киритилаётган ўзгартишлар бўйича референдумга тайёргарлик кўришга бағишланган  брифингда бош консул Амирсаид Аъзамхўжаев Конституциявий қонун лойиҳаси ижтимоий, демократик-ҳуқуқий давлат асосларини яратишини, чинакам халқ давлатчилиги, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, ҳуқуқ ва манфаатларини янада мустаҳкамлаш, инсон шаъни ва қадр-қимматини юксалтириш, ҳаётнинг барча жабҳаларини либераллаштиришнинг муҳим омилига айланишини,  шунингдек, Янги Ўзбекистон тараққиётида янги даврни  бошлаб беришини  таъкидлади.

 Конституциявий  қонун лойиҳаси  кенг жамоатчилик   таклифлари,  замонавий халқаро стандартлар ва хорижий тажрибани ўрганиш натижасида ишлаб чиқилгани  ҳамда такомиллаштирилгани қайд этилди.

 «Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» жамияти  раиси Озода Исломова ўз нутқида Туркиядаги ватандошлар хориждаги Ўзбекистон фуқаролари, айниқса аёллар ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган сиёсатни жуда яхши ҳис қилаётганини  билдирди.  Унинг айтишича, мамлакатимиз Асосий қонунига инсон қадр-қимматини улуғлашдек юксак қадриятларнинг киритилиши халқимизнинг ҳуқуқий онгини янада юксалтиришга туртки беради, шунингдек, давлат ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

«Ўзбекистон Маданият, бирдамлик ва ҳамкорлик» жамияти раҳбари Чокай Кожар блогерларни давлатнинг Асосий қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнига бефарқ бўлмасликка чақирди.  У Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ушбу ташаббус нафақат фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, балки Ўзбекистон келажагининг кафолати экани, юртдошларга керакли маълумотларни етказишда фаол бўлиш зарурлигини таъкидлади.

Иштирокчилар ушбу шаклдаги брифинглар Янги Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлардан далолат эканини  айтиб ўтдилар. Ижтимоий жараёнларга, айниқса, хорижда яшаётган юртдошларимизни жалб этиш халқни жипслаштириши, мамлакатни янада ривожлантиришда яхши туртки бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.