Embassy Contact
phone
Consular Issues
phone

Туркиядаги нуфузли нашрнинг Ўзбекистонга бағишланган махсус сони чоп этилди


Туркиядаги нуфузли нашрнинг Ўзбекистонга бағишланган махсус сони чоп этилди

АНҚАРА, 4 апрель. /”Дунё” АА/. Туркиянинг нуфузли «Ekonomi» газетасининг мамлакатимиз мавзусига бағишланган махсус сони чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

 

Унда “Ўзбекистон-Туркия муносабатларининг тарихий асослари”, “Ўзбекистондаги конструктив ислоҳотлар инвестиция муҳитини янада яхшилади”, “Стратегик шериклигимизнинг энг мустаҳкам даври”, “Имтиёзли савдо шартномаси янги имкониятлар яратади”, “Ўзбекистон ўз минтақасининг юлдузи”, “Ўзбекистондаги турфа инвестиция фурсатлари” сингари сарлавҳалар остидаги ўнлаб мақола ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган.

Махсус сонда мамлакатимизнинг Туркиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси А.Аъзамхўжаев билан мулоқот ҳам жой олган бўлиб, унда жумладан, ўзбек-турк муносабатларининг бугунги ҳолати, февраль зилзилалари вақтида мамлакатимиз томонидан турк халқига кўрсатилган моддий-маънавий кўмак ҳамда жорий йил 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдум ҳақидаги маълумотлар ўз ифодасини топган. Элчи ўз интервьюсида, жумладан, қуйидаги фикрларни билдирган:

“Аввало, газетангизнинг “Ўзбекистон” номли махсус сонини чоп этишдаги ҳамкорлигингиз учун миннатдорлик билдираман. Сўзимнинг аввалида 6 февраль зилзилалари туфайли азиз турк биродарларимга яна бир бор чуқур ҳамдардлик изҳор этмоқчиман. Яратгандан марҳумларга раҳмат, жароҳатланганларга эса тезроқ соғайиб кетишларини тилайман.

Мисли кўрилмаган ва ҳалокатли ушбу зилзила ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг қалбида чексиз қайғу ва изтироб қолдирди. Мазкур табиий офат оқибатларини бартараф этишдаги қидирув-қутқарув ишлари ва гуманитар ёрдам кампанияларида бутун турк дунёсининг, хусусан, мамлакатим Ўзбекистоннинг кенг иштироки давлатларимиз ўртасидаги кенг қамровли стратегик муносабатларнинг бугунги ҳолатини яққол кўрсатиб турибди. Зеро, нақлларда айтганидек, “Ҳақиқий дўст бошга кулфат тушганда билинади”. Буларнинг барчаси, аслида қардош халқларимиз ўртасидаги бугунги стратегик шериклик муносабатларининг ёрқин ифодасидир. Турк биродарларимиз билан оғир кунларда елкама-елка турганимиздек, Туркия Республикасининг 100 йиллиги кенг нишонланадиган доруломон кунларда ҳам гўзал тадбирларни биргаликда ўтказишимизга ишонаман”.

Газетанинг мазкур махсус сонида мамлакатларимиз ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик алоқалари тобора равнақ топаётгани, ҳар соҳада турк қардошларимиз билан ўзаро ҳамкорликнинг мавжуд эканлиги, савдо-иқтисодий алоқаларимизда энергетика соҳаси ривожлана бошлаганига доир маълумотлар аниқ далил асосида турк ўқувчиларининг эътиборига ҳавола қилинган.

Шунингдек, унда жорий йил 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдум ўтказилишига доир маълумотлар ҳам қалавмга олинган бўлиб,  Туркиядаги мамлакатимиз фуқаролари бўлажак референдумда иштирок этишлари учун Истанбулдаги Бош консуллигимиз ва Анқарадаги элчихонамизда тегишли сайлов участкалари ишини ташкил этиш ҳамда Бурса ва Анталияда сайёр овоз беришни таъминлашга ҳозирлик ишлари бошлаб юборилганига доир маълумотлар ҳам ўз аксини топган.