АНҚАРА, 30 апрель. /”Дунё” АА/. Бугун эрта тонгдан «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдумда овоз беришлари учун Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасининг 14-Тошкент шаҳар референдум округига бириктирилган 43-референдум участкаси Туркияда вақтинча бўлиб турган ватандошлар, ишбилармонлар ва ушбу мамлакатнинг олий ўқув юртларда таълим олаётган Ўзбекистон фуқароларига эшиклари очилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Туркиядаги овоз берувчи фуқароларимиз ушбу сиёсий тадбирда фаоллик кўрсатишгани ҳолда ўзларининг конституцияавий ҳуқуқларидан фойдаланиб, Янги Ўзбекистонимизнинг Янги Конституцияси учун ўз овозларини беришмоқда.
Бугунги референдумда Туркиядаги фуқароларимизнинг фаол иштироки шундан далолат бермоқдаки, Конституциямиз янгиланиши мамлакатимизнинг демократик, ҳуқуқий, ижтимоий давлат ўлароқ ривожланишида ва дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини янада мустаҳкамлашига катта ҳисса қўшади.
Анқара Йилдирим Боязит университети Тил ва тарих факультети тадқиқиотчиси: Аброр Машарипов:
- Бугун мамлакатимиз ҳаётида жуда муҳим сиёсий воқеа юз бермоқда. Бош қомусимиз – Конституциямизга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум бўлиб ўтмоқда. Биз ҳам фуқаро сифатида ўз муносабатимизни билдирдик ва овоз бериш жараёнида қатнашдик.
Мен бу Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар, айниқса, таълим бўйича ўзгаришларни алоҳида ўрганиб чиқдим. Ўзим ҳам илмий изланишлар билан шуғулланиётганим учун ўрта таълим бўйича 50-моддага киритилаётган ўзгартиришни ҳамда олий таълим бўйича 51-моддани алоҳида синчковлик билан ўрганиб чиқдим. Бу янгиланишлар барчани қувонтиради, деб ишонман. Чунки биламизки, ҳар қандай давлатни, ҳар қандай жамиятни ривожлантириш асоси-пойдевори сифатли таълим ҳисобланади.
Мудофаа вазирлиги вакили, катта лейтенант Шоҳзод Мирзақобилов:
- Бугун биз хизмат зарурияти туфайли Туркия Республикасининг Анқара шаҳридамиз. Бу ерда жойлашган Ўзбекистон Республикасининг элчихонасидаги референдум участкасига келиб ўзимизнинг фуқаролик бурчимизни адо этдик.
Шу фурсатдан фойдаланиб, элчихона ходимларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз, чунки биз Ватанимиздан минглаб километр узоқда бўлсак-да, ўзимизнинг фуқаролик бурчимизни бажариш учун қулай шароитлар яратиб берилди.