ТОШКЕНТ, 1 июнь. /«Дунё» АА/. Кеча «Адолат» социал-демократик партияси ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати –Либерал-демократик партияси Марказий сайлов комиссиясига (МСК) ушбу партиялар томонидан Ўзбекистон Президентлигига кўрсатилган номзодларни рўйхатга олишни сўраб мурожаат этди ва қонунчиликда белгиланган ҳужжатларни топширди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Сайлов кодексига асосан Президентликка номзод Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олиниши лозим. Бунинг учун сиёсий партиянинг раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни рўйхатга олишни сўраб Марказий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этиши керак.
Эслатиб ўтамиз, Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан тасдиқланган Календарь режага мувофиқ сиёсий партиялар Ўзбекистон Президентлигига номзодни рўйхатга олиш ҳақида МСКга мурожаат этишининг охирги муддати 2 июнь ҳисобланади.
Муддатидан илгари Ўзбекистон Президенти сайловлари 9 июль кунига белгиланган.