Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

МСК муддатидан илгари Ўзбекистон Президенти сайловига доир сайлов бюллетенини тўлдириш учун Брайль алифбоси асосида тайёрланадиган трафарет намунасини тасдиқлади


МСК муддатидан илгари Ўзбекистон Президенти сайловига доир сайлов бюллетенини тўлдириш учун Брайль алифбоси асосида тайёрланадиган трафарет намунасини тасдиқлади

ТОШКЕНТ, 15 июнь. /«Дунё» АА/. Марказий сайлов комиссиясининг (МСК)  муддатидан илгари  Ўзбекистон Президенти сайловига  тайёргарлик кўриш ва ўтказиш  бўйича  навбатдаги  мажлиси  бўлиб  ўтди, деб  хабар  бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 

 МСК маълумотига кўра, комиссия аъзолари муддатидан илгари Ўзбекистон Президенти сайловига бағишланган мажлисда ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш, сайловга тайёргарлик кўриш даврида МСКга келиб тушган мурожаатлар, Президент сайловида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар ва ОАВ вакилларини аккредитация қилишга доир масалалар кўриб чиқдилар.

Мажлисда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари ҳамда ногиронлар нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Президенти сайловига доир сайлов бюллетенини тўлдириш учун Брайль алифбоси асосида тайёрланадиган трафарет намунаси тасдиқланди, шунингдек, ушбу трафаретлар билан ҳар бир сайлов участкасини таъминлаш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашга оид бошқа чоралари белгиланди.

Кун тартибига мувофиқ, МСКга жорий йил 6-13 июнь кунлари жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар кўриб чиқилди ва улар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Мажлисда, шунингдек, халқаро кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайловни кузатувчи миссияси вакили аккредитациядан ўтказилди. Шунингдек, маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг 159 нафар, хорижий оммавий ахборот воситаларининг 42 нафар вакили аккредитациядан ўтказилди. Шу бугунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг умумий сони 554  нафарни ташкил этмоқда.