ИСТАНБУЛ, 17 июнь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Истамбулдаги Бош консулхонасида Ўзбекистоннинг Бурса вилоятидаги фахрий консули Али Баклан билан учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Суҳбат чоғида 9 июль кунига белгиланган муддатдан илгари Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарлик жараёнининг бориши ҳақида маълумот берилди.
Туркиянинг Бурса вилояти ва унга туташ ҳудудларда яшаётган ватандошларимизнинг сайловда фаол иштирок этишлари учун зарур шароитларни яратиш мақсадида 22 июнь куни Бош консулхона дипломатлари Бурса шаҳрига хизмат сафари билан бориши маълум қилинди.
Ўзбек дипломатлари Туркия ҳудудида, хусусан Бурсада Президент сайловларида овоз бериш жараёнларини юқори савияда ўтказишда Фахрий консулхона кўмаги муҳимлигини таъкидладилар. Хусусан, ушбу ҳудудда муддатидан олдин овоз бериш жараёнини ўтказиш учун сайлов участкасини Фахрий консулхона ва Бурса вилоятининг Инегёл шаҳарчасида ташкил этиш таклифи билдирилди.
Ўз навбатида, фахрий консул Али Баклан барча таклифларни ижобий қабул қилиб, Президент сайловларида Бурса вилоятида яшаётган ўзбекистонликнинг фаол иштирокини таъминлашга барча зарур кўмак кўрсатилишини билдирди. Шунингдек, у мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай ишбилармонлик муҳитини юқори баҳолаб, туризм ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ислоҳотларнинг самарали натижаларини алоҳида қайд этди. «Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасидаги нуфузи, маданияти, иқтисодий салоҳияти ҳамда географик жойлашуви жиҳатидан транспорт логистикаси қулайлиги туркиялик ишбилармон доира вакилларини ўзига оҳанграбодек жалб этаётир», - деди у.
Учрашув давомида, шунингдек, Бурсада вақтинча яшаётган ва таълим олаётган ватандошларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонуний миграцияни таъминлаш, бурсалик тадбиркорларни Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш каби масалалар кўриб чиқилди.