Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Тошкент шаҳрида МДҲ кузатувчилари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича миссия штаби иш бошлайди


Тошкент шаҳрида МДҲ кузатувчилари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича миссия штаби иш бошлайди

ТОШКЕНТ, 17 июнь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизда бўлиб ўтиши кутилаётган муддатидан илгари Ўзбекистон Президенти сайлови муносабати билан кеча  Марказий сайлов комиссиясида  (МСК) Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ижроия қўмитасининг сайловларни кузатиш миссияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири

 

МСК маълумотига кўра, учрашувда сайлов қонунчилигидаги янгиликлар, Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди. Сайлов кампанияси тадбирлари Сайлов кодекси талаблари ва демократик принципларга мувофиқ амалга оширилаётгани таъкидланди.

Хусусан, сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ҳақидаги назарий билимлари ва амалий тажрибасини ошириш, сайлов жараёнига замонавий ахборот коммуникацион технологияларни жорий этиш, хотин-қизларнинг сайловлардаги ўрнини кучайтириш, имконияти чекланган фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтилди.

Таъкидланганидек, МДҲ кузатувчилари фаолиятини мувофиқлаштириш учун Тошкент шаҳрида миссиянинг штаби иш бошлайди ва кузатувларни ташкил этиш билан боғлиқ барча тадбирларни ўтказади. Миссия штаби вазифалари сайлов жараёни бориши ҳақида материалларни тўплаш, уларга ишлов бериш ва таҳлил қилиш, сайлов қонунчилигини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишдан иборат.

Миссия вакиллари ўз навбатида қайд этиб ўтганларидек, 9 июль куни бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиб боришда ўз фаолиятини очиқ, ошкора ва объектив олиб боради.