ТОШКЕНТ, 20 июнь /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг олий сиёсий лавозимига номзодлар сайловчилар билан учрашувлар ўтказишни давом эттирмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Кеча Халқ демократик партиясидан давлат раҳбарлиги учун номзод Улуғбек Иноятов Андижон вилоятида, «Адолат» социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод Робахон Махмудова Қорақалпоғистон Республикасида, «Экологик» партиядан Ўзбекистон Президентлигига номзод Абдушукур Хамзаев Қашқадарё вилоятида сайловчилар билан мулоқот ўтказди.
Бугун Ўзбекистон Президентлигига номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда.
Учрашувлар чоғида номзодлар ўзларининг сайловолди дастурларини тақдим этмоқда, сайловчиларнинг саволларига жавоб бермоқда, уларни сайловда ҳамда мамлакатнинг келгусидаги тақдирини ҳал этиш жараёнида фаол қатнашишга чақирмоқда.