Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Туркияда бўлиб ўтган тадбир муҳим мавзуларни қамраб олди


Туркияда бўлиб ўтган тадбир муҳим мавзуларни қамраб олди

АНҚАРА, 26 июнь. /«Дунё» АА/. Туркия Ташқи ишлар вазирлигининг Измир шаҳридаги ваколатхонаси ва 9 Эйлюл университети  ҳамкорлигида ташкил этилган Туркий дунё тадбиркор аёллари анжумани доирасида Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси томонидан тадбир уюштирилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

 

Анжуманда 9 Эйлюл университети ва Измирдаги Ташқи ишлар вазирлиги ваколатхонаси раҳбарияти, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи мамлакатларнинг Туркиядаги дипломатия ваколатхоналари вакиллари, Измир Тадбиркор аёллар уюшмаси аъзолари ҳамда ушбу шаҳарда таълим олаётган Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизстон, Туркманистон, Тожикистон ва Озарбайжондан келган талабалар иштирок этишди.

Тадбирда Ўзбекистон Президенти томонидан мамлакатимизда аёл тадбиркорларга кўрсатилаётган эътибор ва яратилаётган замонавий шароитлар ҳақидаги маълумотлар ҳамда бўлиб ўтадиган муддатидан олдин Президентлик сайловлари, шунингдек, янгиланган Конституцияда аёллар ва табиркорлик ҳимоя остига олингани сингари мавзуларни қамраб олган тақдимот ўтказилди.

9 Эйлюл университети проректори Эсра Гюзел Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришларга юқори баҳо берар экан, жорий йил октябрь ойида Измирда Турк дунёси тадбиркор аёллари саммитини ташкил этиш режалаштирилганини маълум қилди. Мазкур тадбирга Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи мамлакатлардан тадбиркор аёлларни таклиф қилиш ва ўзаро тажриба алмашиш, турли лойиҳалар ҳақида фикр алмашиш ҳамда янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсад қилинган.

Измирдаги Тадбиркор аёллар федерацияси раҳбари Ҳурия Сертер Ўзбекистоннинг янгиланган Конституциясида инсон ва тадбиркорлар, шу жамладан, аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилганини алоҳида таъкидлади.

У Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ишлаб чиқилган 2022-2026 йилларга мўлжалланган  Тараққиёт стратегиясида хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётдаги фаол иштирокини таъминлашга қаратилган амалий чора-тадбирлар мамлакатдаги аёл тадбиркорлар сонининг янада ортишига мустаҳкам замин яратишига ҳамда Ўзбекистонни етакчи давлатлар қаторидан жой олишига кўмаклашишига ишонч билдирди.