ИСТАНБУЛ, 1 июль. /«Дунё» АА/. Туркиянинг Хатай провинциясида Ўзбекистон фуқаролари, жумладан, ушбу мамлакатда меҳнат қилаётган фуқароларимиз ҳисобидан сотиб олинган ва жиҳозланган 57 та модулли уйларни провинция аҳолисига топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда Антакья провинцияси ҳокими Иззеттин Йылмаз, сиёсий партияларнинг провинция филиаллари раҳбарлари, провинция ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, шунингдек, мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси ва Бош консуллиги ходимлари иштирок этди.
Тадбир давомида ўзбекистонлик дипломатлар жорий йил 6 февраль куни «аср фалокатини» бошидан кечирган қардош турк халқига яна бир бор чуқур ҳамдардлик билдирдилар. Фожианинг биринчи кунидан бошлаб ўзбек халқи турк биродарларига ёрдам қўлини чўзишгани, Қурбон ҳайити арафасида мустаҳкам уй-жой қуришдан олдин ушбу масаланинг энг яхши ечими бўлган контейнерларни топшириш бизнинг ўзаро қон-қариндошлик ришталаримизни яна бир карра тасдиқлагани таъкидланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хатай провинциясини тиклаш, жумладан, яқин дўстлигимиз ва ҳамжиҳатлигимизнинг яна бир ёрқин тимсолига айланадиган янги уй-жойлар ҳамда бошқа инфратузилма объектларини барпо этиш борасидаги ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилди.
Антакья провинцияси ҳокими Иззеттин Йылмаз турк халқи фожианинг дастлабки соатлариданоқ Ўзбекистон томонидан кўрсатилган ёрдамни ҳеч қачон унутмаслигини таъкидлади. Провинция ҳокими Ўзбекистонлик қутқарувчилар ва ҳарбий шифокорлар ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб, энг оғир шароитларда меҳнат қилиб, жасорат, матонат ва профессионаллик кўрсатиб, бедарак йўқолган ҳамда жароҳатланганларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатганини қайд этди.
Тадбир давомида Ўзбекистон дипломатлари Овакент туманида яшаётган этник ўзбекларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб бердилар. Шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, конституциявий референдум натижалари, бўлажак муддатидан илгари Президент сайлови жараёнлари ҳақида сўзлаб берилди.
Хатай провинциясида бўлиб ўтган ушбу тадбир маҳаллий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди ва ижтимоий тармоқларда кўплаб ижобий фикрлар билдирилди.