АНҚАРА, 6 июль. /«Дунё» АА/. Кеча мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси ҳузуридаги 44- участка сайлов комиссияси томонидан ушбу давлат ҳудудларида ташкил этилган Ўзбекистон Президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёни якунланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Олдиндан овоз беришнинг сўнгги кунида Туркиянинг йирик туризм марказларидан бири Анталия шаҳрида бўлиб турган ватандошларимиз ушбу имкониятдан фойдаланди.
Анталиядаги Ўзбекистон фуқаролари, жумладан, талабалар, вақтинча ва доимий меҳнат фаолиятини олиб бораётган ҳамда ёзги таътилни мазкур шаҳарнинг дам олиш масканларида ўтказаётган ватандошларимизнинг сайловда муддатидан олин овоз бериши учун қулайлик яратиш мақсадида «Asialux travel» биносида кўчма овоз бериш нуқтаси ўртатилди.
Таъкидлаш керакки, муддатидан олдин овоз беришнинг сўнгги кунида ҳам ватандошларимизнинг ушбу сиёсий тадбирда фаол қатнашиши кузатилди.
Олдиндан овоз бериш имкониятидан фойдаланган юртдошларимиз ўз навбатида, хорижий давлатда яратиб берилган шароитлар учун миннатдорлик билдиришди.
-Ўзбекистон Президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёнида Туркиядаги ватандошлар ҳам фаол қатнашди, - деди Анталияда вақтинча ишлаётган Мавжудахон Наралиева. - Юртдошларимиз она юртимиз келажаги ва равнақи учун бефарқ эмасликларини намоён этдилар. Биз халқимиз ва давлатимизнинг порлоқ келажаги ҳамда фаровонлиги учун хизмат қиладиган, шунингдек, сайловчилар ишончини қозонган ва барча соҳалардаги муҳим ижтимоий масалаларни самарали ҳал қила оладиган муносиб номзодга овоз бердик.
Сайловда муддатидан олдин овоз берган ватандошларимиздан яна бири Гулноза Аҳмедова ҳам ушбу сиёсий жараёнда иштирок этганидан хурсандлигини билдирди.
- Биз мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ эмасмиз, - деди у. - Туркиядаги Ўзбекистон фуқаролари қатори мен ҳам муддатидан олдин овоз беришда иштирок этиб, ўз танловимни амалга оширдим.
Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ушбу мамлакатда бўлиб турган юртдошларимизни 9 июль куни бўлиб ўтадиган Президент сайловида фаол иштирок этишга чақиради.