Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Баҳромжон Аълоев: Ўзбекистондаги Президент сайловини 47 давлатдан 810 нафар хорижий кузатувчи кузатмоқда


Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Баҳромжон Аълоев: Ўзбекистондаги Президент сайловини 47 давлатдан 810 нафар хорижий кузатувчи кузатмоқда

ТОШКЕНТ, 9 июль. /«Дунё» АА/. Бугун Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида бўлиб ўтган брифингда ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Баҳромжон Алоев Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича овоз беришни хорижда ташкил этиш ҳақида маълумот берди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 

Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкаларини ташкил этиш тўғрисидаги низомга мувофиқ, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда мамлакатимизнинг хориждаги барча дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан муддатидан илгари Президент сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда ўтказиш бўйича фаол иш олиб борилгани таъкидланди.

Хусусан, Ўзбекистоннинг 39 хорижий давлатдаги элчихоналари ва консулликлари ҳузурида 56 сайлов участкаси очилди.

Хорижда бўлган республика фуқароларига қулайлик яратиш мақсадида уларни сайловчилар рўйхатига киритиш бўйича махсус электрон хизмат жорий этилди.

Ташқи ишлар вазирлигининг «Дунё» АА томонидан хорижий давлатларда ташкил этилган сайлов участкалари манзиллари кўрсатилган интерактив харита ишлаб чиқилиб, Агентлик веб-сайтига жойлаштирилди. Бугунги кунга қадар хориждаги 165 мингдан ортиқ юртдошимиз ушбу интерактив харитадан фойдаланган.

Ўзбекистон Президенти сайлови бўйича муддатидан олдин овоз бериш юқоридаги сайлов участкаларида 28 июндан 5 июль кунига қадар бўлиб ўтди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон фуқаролари зич истиқомат қиладиган 45 та хорижий давлатда, жумладан, дипломатик ваколатхоналаримиз мавжуд бўлмаган шаҳарларда қўшимча равишда 906 та сайёр сайлов нуқталари ташкил этилди.

Муддатидан олдин овоз беришни осонлаштириш мақсадида 50 та жамоадан жами 100 нафар эксперт Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея ва Туркияга хизмат сафарига жўнатилди. Муддатидан олдин овоз бериш жараёнида 180729 нафар фуқаромиз ўз конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланди.

Юртдошларимиз, хорижий жамоатчиликни ушбу муҳим сиёсий воқеадан хабардор қилиш мақсадида мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан брифинглар, матбуот анжуманлари, давра суҳбатлари ўтказилиб, унда 82 мингдан ортиқ киши иштирок этди.

Хориждаги сайлов жараёнларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш мақсадида Ўзбекистон МТРК ходимлари Россия (Москва, Санкт-Петербург, Владивосток), Жанубий Корея, Қозоғистон ва Туркияга юборилди. Айни пайтда улар ушбу мамлакатлардаги сайлов жараёнининг боришини ёритмоқда.

Хориждаги сайлов жараёнини биринчилардан бўлиб Тошкент вақти билан соат 4:00 да Ўзбекистоннинг Япония ва Корея Республикасидаги элчихоналари бошлади, энг охирги бўлиб 10 июль куни Тошкент вақти билан соат 05:00 да Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ҳузуридаги сайлов участкасида овоз бериш якунланади.

Бугунги кунга қадар дунёнинг аксарият мамлакатларида, жумладан, Яқин Шарқ, Осиё ва Тинч океани минтақаси, Европа, Россия ва барча қўшни мамлакатларда овоз бериш жараёнлари бошланган ва фаол давом этмоқда. Ушбу муҳим сиёсий тадбирда фуқароларимиз уюшқоқлик билан иштирок этишяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида жами 47 давлат, 15 халқаро ташкилот ва 15 та хорижий давлатларнинг Марказий сайлов комиссияларидан 810 нафар хорижий кузатувчи иштирок этаяпти.

 Жумладан:

-ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) – 236;

-бошқа нуфузли халқаро ташкилотларнинг 174 нафар вакили;

-мустақил кузатувчилар - 266 нафар;

-Марказий сайлов комиссиясиларнинг 35 нафар вакили;

-Хорижда 25 нафар кузатувчи;

-Тошкентдаги дипломатик корпуснинг 39 нафар вакили ҳам сайловда кузатувчи сифатида иштирок этиш истагини билдирди.