ТОШКЕНТ, 10 июль. /«Дунё» АА/. Бугун Марказий сайлов комиссияси (МСК) Матбуот марказида бўлиб ўтган брифингда 9 июль куни ўтказилган муддатидан илгари Ўзбекистон Президенти сайловининг дастлабки натижалари эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев кеча бўлиб ўтган Президент сайлови халқимизнинг юксак тафаккури ва донишмандлигининг ёрқин ифодаси бўлганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида рўйхатга киритилган 19 миллион 593 минг 838 нафар сайловчининг 15 миллион 651 минг 405 нафари, жумладан, хорижда овоз берган ватандошларимиз иштирок этди. Бу умумий сайловчиларнинг 79,88 фоизини ташкил этади.
Дастлабки натижалар кўра:
Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Иноятов 4,02 фоиз;
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёев 87,05 фоиз;
Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан номзод Робахон Махмудова 4,43 фоиз;
Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Абдушукур Ҳамзаев 3,74 фоиз овоз тўплади.
«Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига кўра, сайловчиларнинг ярмидан кўпи, яъни 50 фоиздан ортиқ овозини олган номзод Президент этиб сайланган ҳисобланади, – деди МСК раиси. – Мазкур маълумотлардан келиб чиқиб, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёев 87,05 фоиз овоз билан ишончли ғалаба қозониб, Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганини маълум қиламиз».